Ўзбекистон Республикаси илк бор 4,25 триллион сўм миқдоридаги «яшил» суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 миллион доллар миқдоридаги халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.

Жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк вакилларидан иборат делегация Нью-Йорк, Бостон ва Лондон шаҳарларида 50 дан ортиқ инвесторлар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, табиий газ ва электр энергияси нархлари бозорини либераллаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳамда Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали савдони эркинлаштириш сиёсати ҳамда “Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар ва чора-тадбирлар инвесторлар томонидан юқори баҳоланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк “яшил” суверен облигациялар ҳисобланади.

Маълумот учун, «яшил» облигациялар бўйича келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, темир йўл транспорти ва метро транспортини ривожлантириш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш, шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш каби яшил лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Бунда лойиҳаларни танлаб олиш жараёнига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ривожланиш дастури жалб қилинган. «Яшил» облигациялар дастури бўйича “Sustainalytics” томонидан иккинчи тараф ижобий хулосаси олинган.

Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги “яшил” облигацияларига бўлган юқори талабни инобатга олиб, уч йиллик сўмдаги халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаларини (купон тўлови) кутилган 18 фоиздан 16,25 фоизга туширишга муваффақ бўлинди. Мазкур транзакция билан сўндириш муддати жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлган 1,9 триллион сўм миқдоридаги халқаро облигациялар муддатидан олдин сўндирилди.

Маълумот учун: ички молия бозорларида сўнгги ўтказилган аукционда (26 сентябрь) икки йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича фоиз ставкалари 17,57 фоизни ташкил қилган.

Иккиламчи бозор котировкалари ҳамда инвесторлар таклифларидан келиб чиқиб, АҚШ долларидаги Ўзбекистон Республикасининг беш йиллик суверен халқаро облигациялари учун дастлабки фоиз ставкаси 8,50 – 8,625 фоиз оралиғида эълон қилинди.

Иккиламчи бозорда Ўзбекистон Республикасининг 2029 йилда сўндириладиган халқаро облигациялари фоиз ставкаси 8,1 фоизга етган. Хусусан, сўнгги бир ҳафтада (27 сентябрь – 7,67 фоиз) фоиз ставкалари 0,43 фоизга ошган.

Бугунги кунда жаҳон молия бозорларида фоиз ставкаларининг ошиши кузатилмоқда. Хусусан, 5 йиллик АҚШ Ғазначилик облигациялари фоиз ставкалари 2021 йил июль (сўнгги марта суверен облигациялар чиқарилган давр) ойига нисбатан қарийб 4 фоизга ошиб, 2021 йил июль ойидаги 0,8 фоиздан 4,7 фоизга етди.

Жаҳон молия бозорларидан фоиз ставкаларининг ошиши, мос равишда, халқаро молия институтларининг имтиёзли фоиз ставкаларининг ҳам кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

Халқаро кредит бозорларида ишлатиладиган SOFR (олдин LIBOR) ставкаси 2021 йил июль ойидан бери 0,17 фоиздан қарийб 5,3 фоизга ошиб, бугунги кунда 5,5 фоизга етди.

Шунинг учун, халқаро молия институтлари томонидан жалб қилинаётган имтиёзли кредитлар бўйича фоиз ставкалар ҳам икки йил ичида 1-2 фоиздан бугунги кунга келиб 6,3-7 фоизга етди.

Яшил облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳисобот халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА