Бугун имкони бўлган ҳар бир фуқаро Тошкент шаҳридан уй олишга ҳаракат қилади. Бунинг сабаби эса пойтахтда яратилган инфратузилмалар билан боғлиқ. Қолаверса, сотиб олинган уйни ижарага бериш қўшимча даромад олиш имконини ҳам беради.

Бироқ пойтахтда яшашга бўлган талаб қанчалик ошса, бу ердаги уй-жойларнинг нархи ҳам шунга яраша бўлади. Дейлик, бундан беш ой олдинги вақтни бугунги кун билан таққослайдиган бўлсак, Тошкентда ҳовли ёки кўп қаватли уйлардаги хонадонлар сезиларли даражада қимматлаган.

Таҳлилларга кўра, Тошкентда уй-жой нархи янада қимматлашиши мумкин экан. Хўш, бу фақат талабга боғлиқми ёки бошқа омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкинми?

Ушбу саволга Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Жасур Жалолов қуйидагича жавоб берди:

– Шу талаблардан келиб чиқиб, МҲТИ мутахассислари жорий йилнинг август ойи учун Тошкент шаҳридаги уй-жой ва ундан олинадиган ижара нархларининг даромадлилигини таҳлил қилди.

Уй-жойга киритиладиган инвестициядан олинадиган даромад икки қисмга бўлинади: бу – уй-жой нархининг ошиши (тушиши) келтирадиган фойда (зарар) ва уй-жойни ижарага беришдан олинадиган даромаддир.

Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, 2023 йилнинг август ойида уй-жой ўртача нархининг ўтган йил август ойидагига нисбатан энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазорда (24,4 фоиз) кузатилди.

Бундан ташқари, кўчмас мулк эгаларининг уйларини ижарага бериши натижасида Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида энг юқори даромад олинаётган бўлса, нисбатан пастроқ даромад Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманларига тўғри келган. Жорий йилнинг август ойида хонадонни ижарага бериш туфайли олинадиган даромад Тошкент шаҳри бўйича 10 фоизни ташкил этди.

Таъкидлаш керакки, 2023 йилнинг сентябрь ойида “Global Property Guide” нашри томонидан 58 та давлат учун уй-жойни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад рейтинги эълон қилинган.

Агар бу рейтинг рўйхатига Тошкент шаҳри (10 фоиз) ҳам киритилганида Грузиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган бўлар эди. Мазкур рейтингда Грузиядан кейинги ўринларни Жанубий Африка Республикаси (9,9 фоиз), Ирландия (8,1 фоиз), Пуэрто-Рико (8,1 фоиз), Латвия (7,8 фоиз), Колумбия (7,7 фоиз), Марокаш (7,6 фоиз), Индонезия (7,6 фоиз) ва Литва (6,7 фоиз) давлатлари эгаллаган. Туманлар ва уйлар бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархининг ўзгаришидан олинадиган фойда ва ижара даромадларининг биргаликдаги таъсири баҳоланганда, 2 ва 3 хонали турар жойлар инвестицияларнинг даромадлилиги нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб чиқди.

Бундай уй-жойлар ижарасидан келаётган даромаднинг ўзи ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда. Худди шу давр мобайнида муддати бир йилдан ортиқ бўлган хорижий валютадаги банк депозитларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022 йилнинг август ойидаги 4,3 фоиздан 2023 йилнинг август ойида 5,5 фоизга ошган.

Хулоса шуки, уй-жой нархининг ошишига бир томондан унга бўлган эҳтиёжнинг ортиши сабаб бўлса, иккинчи томондан ижарага бериш туфайли олиш мумкин бўлган даромаднинг жозибадорлиги аҳоли жамғармаларининг кўчмас мулкка йўналтирилишини янада рағбатлантиради. Бу эса уй-жойга бўлган талабни ошириб, улар нархининг янада қимматлашишига олиб келиши мумкин.

ЎзА мухбири 
Насиба Зиёдуллаева 
ёзиб олди.