Ижтимоий тармоқларда «Бензонал» дори воситасининг тақчиллиги бўйича турли хабарлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қуйидагиларни маълум қилди.

«Бензонал» (халқаро патентланмаган номи – бензобарбитал) препарати врач рецепти асосида бериладиган дори воситаси ҳисобланади. У келиб чиқиши турли бўлган, шу жумладан фокал ва жексон хуружлари ҳолларида, шунингдек, тутқаноқнинг талвасали шаклларини даволашда қўлланади.

Юртимизда таркибида бензобарбитал моддасини сақловчи 6 номдаги (3 та хорижий ва 3 та маҳаллий) дори воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, улардан тиббиёт амалиётида фойдаланишга рухсат берилган.

Жумладан, Россиянинг «Усолье-Сибирский химфармзавод», «ТатХимФармПрепарати» ҳамда Арманистоннинг «Арпимед» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Бензонал» савдо номидаги, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз «Neogalenpharm», «Remedy Group» ва «Merrymed Farm» компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган «Бензонал-NGP», «Бензонал-RG», «Мер Бензонал» савдо номидаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази «Бензонал» дори воситасини эркин муомалага чиқарилишида ҳеч қандай тўсиқ ва чекловлар йўқлигини маълум қилиб, мазкур препаратни давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлашда маҳаллий ва чет эл ишлаб чиқарувчиларига ўз ваколати доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирмоқда.

Таъкидланишича, айни кунларда аҳолининг ушбу дори воситасига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

М.Қосимова тайёрлади.
ЎзА