Ўзбекистон миллий метрология институти халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйди

374

Пойтахтимизда Давлат метрология муассасаларининг Евроосиё ҳамкорлиги (CООМЕТ) ташкилоти 36-йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш доирасида COOMET Қўмитасининг президентлигига Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов номзоди тасдиқланди.

– Бу халқаро эътироф “Эртанги барқарорлик учун бугун ўлчаймиз” шиори остида кенг нишонланаётган Ўзбекистон метрологияси фаолиятининг 100 йиллигига катта туҳфа бўлди, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институти Бош метрологи Нуриддин Раимжонов. – Маълумот ўрнида айтиш жоиз, COOMET Низомига асосан ташкилотга 3 йил муддатга сайланадиган президент раҳбарлик қилади. Президентликка номзод ташкилотга аъзо давлатлар вакилларининг номзодини илгари суриш орқали амалга оширилиб, ёпиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Юртимиз метрологиясининг ютуқларидан яна бири шуки, Ўзбекистоннинг илк калибрлаш ва ўлчаш имкониятлари ҳақидаги маълумотлари – СМС қаторлари рўйхатга олинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий метрология институтида фаолият юритаётган ходимларнинг шахсий ташаббускорлиги, фаоллиги, масъуллиги, ҳаракатчанлиги ва изланувчанлиги натижасида институтнинг метрологик лабораториялари инфратузилмаси ривожлантирилди. Калибрлаш хизмати кенгайтирилди, миллий эталонлар базаси сўнгги беш йилда 9 тадан 29 тага кўпайтирилди.

Республикада аниқ вақт хизматини ташкил қилиш мақсадида вақт ва частота (GLONASS ва GPS) эталонини ишга тушириш ва “давлат аниқ вақт – UTC Uz” хизматини жорий қилиш бўйича ҳукумат қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Яна бир муҳим жиҳат, метрология соҳасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли устувор масалалари, мақсадлари ва вазифаларини ўз ичига олган 2024-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси ўлчашлар ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси тайёрланди.

Германиянинг Физика техника институти (PTB) билан “Миллий сифат инфратузилмасини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаш” икки томонлама лойиҳаси доирасида экспертлар гуруҳи иштирокида учрашув ва тренинг ўтказилди.

Ходимларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий салоҳиятни кенгайтириш бўйича институтнинг 54 нафар ходими Туркия, Германия, Италия, Молдова, Беларусь, Корея, Австрия, Жанубий Африка, Россия, Венгрия, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистоннинг етакчи метрология институтларида малака оширди.

UzNIM SSDL Марказий Осиё минтақасининг Миллий метрология институти таркибида фаолият юритувчи биринчи лаборатория бўлди. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон миллий метрология институтининг ривожланиш босқичидаги улкан ютуқдир.

Ш.Маматуропова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА