Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева турли соҳаларда меҳнат қилаётган, фаолият юритаётган қизларни, аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни амалга оширмоқда.

Айниқса, спорт соҳасида қизларнинг ютуқларга эришиши, юртимиз шаънини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариши йўлида зарур имкониятлар яратилишига катта аҳамият берилаётир.

Қолаверса, Т.Норбоева Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси сифатида ушбу йўналишда фаолият юритаётган спортчилар, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Натижада велоспортчиларимиз жаҳон спорт ареналарида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Улар орасида бир неча бор нуфузли халқаро мусобақаларда, шунингдек, Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган чемпионлар бор.

Шу кунларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида велошоссе бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда аёллар ўртасида кечган индивидуал вақт пойгасида Ольга Забелинская олтин, Янина Кускова кумуш медалга сазовор бўлди.

– Ғолиб бўлган велоспортчиларни қутлаймиз ва биз қизлармизнинг бундай юксак ютуқлари ҳамда ўзбек спорти ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси билан фахрланамиз, – деди Т.Норбоева. – Бу кўрсаткичлар, шубҳасиз, юртимизда спортга берилаётган эътибор натижасидир. Шу билан бирга, спортчиларимизнинг тинимсиз ўз устида ишлаши, мураббийлар меҳнати маҳсулидир.

Спортчиларимизни улкан муваффақиятлар билан табриклаб, уларга янги ғалабалар тилаб қоламан.

Олмаота шаҳрида пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида пара велоспортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси 10 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Сенат Раиси пара велоспортчилар ҳам фахримизлигини, улар орасида қизларнинг борлиги фахрли эканини эътироф этди. Уларга келгусида жаҳон спорт ареналарида шундай ютуқларга эришишлари учун омад тилади.

Н.Абдураимова, ЎзА