Оролбўйини ривожлантириш грант лойиҳалари платформаси ишга тушди

347

Тошкентда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТ ТД) билан ҳамкорликда грант лойиҳаларини мониторинг қилиш платформаси ишга туширилиши муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул вакиллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари иштирок этди.

Юртимизда хорижий ёрдам асосида амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими сифатида мазкур платформа дастлаб Орол денгизи минтақасида амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Кейинчалик кенгайтирилган платформа йўлга қўйилган ва таклиф этилаётган грант лойиҳаларининг йўналиши, харажати, давомийлиги, жойлашуви, самарадорлиги каби зарур маълумотларни нашр этади. Шунингдек, тизим лойиҳа молиялаштирилишини таъминлаш учун давлат муассасаларининг хорижий донорлар билан алоқаларини осонлаштиради.

Йиғилиш иштирокчилари мониторинг платформасининг функционал имконияти билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлдилар.

– Тақдим этилаётган мазкур грант лойиҳалари мониторинги платформаси лойиҳа бошқарувини такомиллаштириш ва ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлайдиган трансформацион воситадир, – деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Абдулла Ҳошимов.

Эътиборли жиҳати шундаки, 3668 маълумотдан иборат тўплам шаклидаги бу тизим ёрдамида ҳозирнинг ўзида 429 лойиҳа билан батафсил танишиш мумкин.

– Фаровонлик ва барқарор ривожланиш йўлидаги умумий ишимизни давом эттирамиз, – деди БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги вакили вазифасини бажарувчи Анас Файёд Қарман. – Ушбу платформа ҳамкорлик ва инновациянинг ижобий ўзгаришларни илгари суришдаги аҳамиятидан далолат. Зеро, манфаатдор томонлар келишилган саъй-ҳаракатлар ва умумий қарашлар орқали янги имкониятларни очиб, ҳамма учун ёрқин келажак қуриши мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, платформа БМТнинг Ўзбекистондаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича траст фонди томонидан молиялаштириладиган Тараққиёт дастури, UNICEF ва FAO тузилмалари ҳамкорлигидаги “Оролбўйи минтақасида яшил ва инновацион ривожланиш орқали ёшларнинг порлоқ келажакка эришиш йўлидаги имкониятларини кенгайтириш” дастури доирасида ишлаб чиқилган.

Умуман, давра суҳбати хорижий мамлакатлар грант маблағини жалб қилиш мақсадида донорлар билан мулоқот қилиш, уларга лойиҳа таклифларини намойиш этиш учун иштирокчиларга қулай имконият яратди, дейиш мумкин.

Ўткир Алимов, 
Носиржон Ҳайдаров (сурат), 
ЎзА