Жорий йил 27 июлда Венгрияда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Венгрия бизнес форуми доирасида бир қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланган эди.

“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси директори Агзам Нартаев, Венгриянинг «Meditop Pharmaceutical Ltd» компанияси бошқарув директори Золтан Акс ва компания таъсисчиси Девид Гресковитс учрашувида ушбу ҳужжатлар бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Жумладан, дори воситаларини ишлаб чиқариш, уларнинг сифатини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлашда халқаро стандартларни жорий қилиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича махсус тренинг курслар ўтказиш ва Венгрия назорат органи вакиллари иштирокида учрашувлар ташкиллаштириш режалаштирилди.

1991 йилда ташкил этилган «Meditop Pharmaceutical Ltd» компанияси Венгриянинг илк хусусий фармацевтик компанияси ҳисобланади. У ҳозирга қадар 15 га яқин оригинал дори воситаларини патентлаган бўлиб, ўз маҳсулотларини Германия, Вьетнам, Япония каби 20 дан ортиқ давлатга экспорт қилишни йўлга қўйган.

Учрашув якунида юқоридаги масалалар юзасидан Марказ мутахассислари Венгрияга таклиф қилинди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА