Қатарнинг Доҳа шаҳрида “Яшил чўл, энг яхши атроф-муҳит” мавзусида ўтказилаётган “Expo Doha-2023” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон павильонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур кўргазмада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги қатор йўналишлардаги инновацион ишланмалар билан иштирок этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги экинларини шўрга, сувсизликка чидамлилигини оширувчи биобактериал “Териа”, “Биобарс Кафолон”, “НПК гель” каби ўғитлар, шўрланиши юқори бўлган ва сувсиз ерларда ўсишга мослаштирилган экинлар янги навларининг уруғлари ҳамда ин-витро усулида кўпайтирилган кўчатлар, чўл ҳудудларида етиштирилган доривор ўсимликлардан тайёрланган препаратлар, чорва моллари учун оқсилга бой бўлган ем маҳсулоти ҳамда кимёвий ишловларсиз табиий усулда етиштирилган ва қуёш нурида қуритилган маҳсулотлар ва биологик фаол қўшимчалар шулар жумласидан.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, кўргазма давомида Қатар тадқиқот, ишланма ва инновациялар кенгаши, Қатар жамғармаси, Муниципалитет ва атроф-муҳит вазирлиги каби бир қатор нуфузли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон миллий стендини катта қизиқиш билан кузатиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган инновациялар билан танишди.

Жумладан, Муниципалитет ва атроф-муҳит вазирлиги вакиллари томонидан Ўзбекистонда етиштирилган чорвачилик учун озуқа-ем маҳсулотлари бўйича ишланмалар сифати алоҳида эътиборга олинди ва келажакда ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш имкониятлари юзасидан муҳокама ўтказилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА