Ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда балиқ орқали юқадиган касалликка чалинганлар сони ортаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Касалликнинг асосий сабаби дея қўшни Россия Федерациясининг Тюмен вилоятидан олиб келинган балиқлар бўлгани айтилмоқда.

Қўшни ҳудудда тарқалган бу каби хабарларда номи кўрсатилаётган касаллик юртимизда учрайдими? Хўш, бу қандай касаллик?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, описторхоз – гижжа касалликлари гуруҳига мансуб табиий ўчоқли биогельминтоз ҳисобланади. Одамлар ва балиқ истеъмол қиладиган ҳайвонлар, шу билан бирга айиқлар мазкур инфекцияни юқтиришга мойил бўлади. Инфекция карп оиласига кирувчи балиқларни хом, ним тузланган ёки иссиқлик билан ишлов берилмасдан истеъмол қилганда юқади.

Россия, Украина, Қозоғистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида описторхоз кенг тарқалган.

Инфекциянинг энг юқори хавфи дарё ҳудудларида: Бирюса, Волга, Днепр, Дон, Иртиш, Кама, Об, Шимолий Двина, Урал дарё ҳудудларида учрайди. Қозоғистон ва Европада ҳам касаллик учраб туради.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, описторхознинг дунёдаги энг катта ўчоғи Об-Иртиш бассейнида жойлашган.

2022 йилда описторхознинг 11 минг 520 та ҳолати Россияда қайд этилган бўлиб, касалланиш даражаси 100 минг аҳолига 7,9 ни ташкил этган.

Қозоғистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий қисмларида Иртиш дарёси ва унинг ирмоқлари ҳудудларида ҳам описторхоз билан касалланиш ҳолатлари кўплаб учраб туради.

Урал дарёси атрофида ҳам описторхоз билан касалланган балиқлар аниқланган. Одамларда описторхоз билан касалланганлар сони 2002 йилда энг юқори чўққига чиқди. 2 минг 521 та ҳолат қайд этилган (100 000 кишига 17 та ҳолат).

Бироз иситмалаш, камқувватлик, ич бузилиши, терида тошмалар пайдо бўлиши, камқонлик, Б12 витамини етишмаслиги касалликнинг клиник белгиларидир.

Касалликнинг охирида ўт пуфаги ва ўт йўллари, ўн икки бармоқли ичак ва меъда ости безларининг яллиғланиш аломатлари юзага келади. Бундай ҳолларда ташхис ўн икки бармоқли ичак шираси ва нажас таркибида описторхларни лаборатория усулида текшириш орқали аниқлашга асосланиб қўйилади.

Ғарбий Қозоғистон округи санитария-эпидемиология назорати бошқармаси 2023 йил бошидан буён 113 та описторхоз ҳолати қайд этилганини маълум қилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ўсиш кузатилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати юртимизда описторхоз касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмаганини ва бундай инфекция учрамаслигини маълум қилмоқда.

М.Қосимова тайёрлади.
ЎзА