“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Россиянинг “Wildberries” халқаро компанияси Ўзбекистон ишлаб чиқариш корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқда.

Бугун “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.

Унда “Wildberries” халқаро компаниясининг Ўзбекистондаги директори Сардор Қодиров ушбу қўшма лойиҳа мамлакат учун муҳим имконият эканини таъкидлади.

– Ўзбекистон ҳукумати узоқ вақтдан бери тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу жараёнда тайёр маҳсулотни сотишда тўқимачилик корхоналари ва маҳаллий бизнеснинг рақобатбардошлиги ва айланмасини ошириш мақсадида онлайн сегментда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳим ҳисобланади.

Шу мақсадда “Wildberries” бизнес мактаби фаолияти йўлга қўйилиб, унда Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича ўқувлар ташкил этилади. Ишончимиз комилки, “Wildberries” бизнес мактабининг ўқув лойиҳаси ҳозирги ва келажакдаги ҳамкорларимизнинг молиявий саводхонлигини оширади ва онлайн платформа орқали 7 та ташқи бозорда Ўзбекистон маҳсулотларини сотишга имкон беради, – деди С.Қодиров.

Матбуот анжуманида ушбу мактаб фаолияти давомида ҳудудларда тренинглар ўтказилади. Мазкур тренингларда онлайн платформада маҳсулот сотиш ва реклама қилиш бўйича амалий тавсиялар берилади. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси негизида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва маҳаллий тадбиркорлар учун дастлабки семинарлар 4-5 октябрь кунлари Тошкентда, 6 октябрь куни Наманганда, 7 октябрь куни Фарғонада ва 8 октябрь куни Андижонда ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Wildberries” халқаро компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома имзоланган.

 

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА мухбири