Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Фан ва инновациялар форуми-2023 шафелигида 2-5 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Европа ва Марказий Осиё учун Минтақавий Фан ва инновациялар ҳафталиги доирасида Тошкентда Фан ва инновациялар кунини ўтказди.

Тадбирда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчи олимлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

ФАОнинг ҳафталикдаги вазифаси ҳукумат, илмий-тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва хусусий секторга фан, тадқиқот, инновациялар интеграцияси соҳасида, шунингдек, Европа ва Марказий Осиёда янада барқарор, инклюзив ва ташқи таъсирлардан ҳимояланган озиқ-овқат тизимларига ўтишни жадаллаштириш жараёнида сиёсат билан ўзаро ҳамкорлик механизмини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш платформасини ташкил этиш ҳисобланади.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда ташкил этилган муҳим йиғилиш юртимизда ер ресурсларини комплекс бошқаришни (Integrated Land Management – ILM) жорий этиш бўйича илм-фан, амалиёт ва сиёсат интеграциясига бағишланди.

Қайд этилишича, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ФАО мандатида ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Қайд этилганидек, инновацион усулларга асосланган ер ресурсларини барқарор бошқариш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари озуқавий қийматини яхшилаш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатишга ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Глобал экологик жамғарма (Global Environment Facility – GEF) молиявий кўмагида ФАО Ўзбекистонда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, биохилма-хилликни сақлаш ва тупроқларни соғломлаштиришни таъминлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Фан ва инновациялар куни доирасида Ўзбекистонда ерларни уйғунлашган бошқарувини янада кенгроқ татбиқ этиш учун илм-фан ва инновация ютуқларини қўллаш бўйича маърузалар тингланди. Илмий жамоатчилик вакиллари, ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар мутахассислари мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.

 

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА