Эксперт таклифи

Халқаро тадқиқотчилар фикрича, самарали таълим, мустаҳкам соғлиқ ва сифатли овқатланиш инсон капиталини шакллантиришнинг асоси ҳисобланади. Мактаб ёшидаги болалар нафақат таълим, балки соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам алоҳида эътиборни талаб этади. Айнан мактабдаги ўқиш даврида болаларда жисмоний, руҳий ва когнитив ўзгаришлар кузатилади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (БМТ ЖООД) маълумотларига кўра, 2022 йилда мактабларда овқатлантириш дастурларига киритилган сармоялар 48 миллиард АҚШ долларини, бепул ёки имтиёзли овқатланиш қамрови эса 41 фоизни ташкил этди. Даромад даражаси паст бўлган мамлакатларда тахминан 18 фоиз мактаб ўқувчилари қамраб олинган. Даромади ўртадан паст бўлган мамлакатларда бу кўрсаткич 39 фоизўртадан юқори бўлган мамлакатларда эса 48 фоизга етди [1]. 

Дунёда мактабларда овқатланиш билан қамраб олинган болалар сони 

Манба: БМТ ЖООД “2022 йилда мактабларда овқатланиш ҳолати” ҳисоботи.

БМТ ЖООД миссияси барча болаларнинг мактабларда овқатланишига эга бўлиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, болаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини ошириш учун жаҳон мамлакатлари ҳукуматларини қўллаб-қувватлашдан иборат.  БМТ ЖООД сиёсий ва техник кўмакни тақдим этади, ҳукуматларга ўз мактабларида овқатлантириш дастурларини яратиш ёки барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериш учун мазкур йўналишдаги ноу-хау билан бўлишади. БМТ ЖООД техник ва сиёсий кўмаги дунёнинг 77 мамлакатидаги 107 миллион мактаб ўқувчисининг ҳаёт сифати, таълим олиш имконияти ва овқатланиш ҳолатига билвосита таъсир кўрсатди.

Мактабларда овқатланишни ташкил этиш самарадорлиги бўйича халқаро тадқиқотлар

Мактабларда овқатлантириш дастури ижтимоий ҳимоянинг кенг қамровли тармоғи ҳисобланиб болалар ва уларнинг оилалари ҳаётини ўзгартириш имкониятини тақдим этади. Шу билан бирга, болалар хавфсизлигига муҳим ҳисса қўшади ва таълим олиши учун қулай муҳит яратади.

Мактабларда ташкил этилган бепул овқатланиш ота-оналарни тушлик учун кетадиган харажатларни режалаштиришдан озод этиб, ижтимоий заиф оилаларнинг даромадларини тахминан 10 фоиз тежаш имконини беради.

Бундан ташқари, саломатликни сақлаш ва овқатланиш бўйича мактаб дастурлари давоматни ошириш ва мактабдан кетиш (ўқувчиларнинг ўқув йили тугашига қадар кетиши) кўрсаткичларини камайтиришга ёрдам бериши ҳақидаги инкор қилиб бўлмас далиллар мавжуд. Демак, ўқиш натижаларини яхшилаш учун ҳам имконият бор.

БМТ ЖООД ҳисоб-китобларига кўра, мактаб овқати учун сарфланган ҳар бир доллар соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тўққиз доллар миқдоридаги дивиденд кўринишида қайтади.

Ўзбекистон мактабларида бепул овқатлантиришни ташкил этишнинг жорий ҳолати ва муаммолар

Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан мактабларда бепул овқатланишни ташкил этиш масалаларига эътибор қаратила бошлади. “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”га мувофиқ, мазкур амалиёт Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида синовдан ўтказилди. Бу мақсадлар учун ҳар бир ҳудуд учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилди[2].

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги 472-сонли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини кейтеринг усулида ташкил этиш тўғрисида низом тасдиқланди.

Ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўрганиш ва таҳлил қилиш мактабларда бепул овқатланишни ташкил этишда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини, тегишли назоратнинг етишмаслигини кўрсатди. Хусусан,

  • Мактабларга етказиб берилаётган маҳсулотларнинг сифати ва миқдори назорат қилинмаслиги. Айрим ҳолларда маҳсулотлар сифат ва хавфсизлик меъёрларига жавоб бермайди, бу эса болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги 1,8,19 ва 55-мактабларда  ўқувчиларга истеъмолга яроқсиз ҳолатдаги олма, шунингдек, зараркунандалар билан заҳарланган қадоқланган маҳсулотларни қайта-қайта бериш ҳолатлари аниқланган;
  • Кейтеринг компанияси томонидан етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бўйича махсус комиссия иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизми ишлаб чиқилмаган;
  • Ўқувчиларнинг сифатли ва тўйимли овқатланишини таъминлаш учун давлат томонидан ажратилаётган маблағ етарли эмас. Бир ўқувчи учун ажратилаётган 5,6 минг сўм миқдоридаги молиявий маблағлар СанПиН 0017-21 (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йилда 32-сон билан рўйхатга олинган) билан тасдиқланган овқатланиш ва калория меъёрларига риоя қилишни таъминлашга имкон бермаяпти. Бу эса тендерни ўтказиш ва кейтеринг компанияларини танлаб олишда коррупция ҳолатлари пайдо бўлишини рағбатлантирмоқда;
  • Қонунчиликда мактабларда бепул овқатлантириш дастурларини молиялаштириш учун халқаро ва маҳаллий донорлар маблағларини жалб қилиш имконияти кўзда тутилмаган. Таъкидлаш зарурки, БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг асосий вазифаларидан бири ҳар қандай даромад даражасидаги мамлакатларга тажриба алмашиш, молиялаштиришга эга бўлиш ва ёндашувларни такомиллаштиришда ёрдам бериш ҳисобланади. Биргина 2021 йилда БМТ ЖООД дунёнинг 57 мамлакатидаги (қуйида жадвал келтирилади) 15,5 миллион мактаб ўқувчиси овқат билан таъминланишига кўмаклашди.

2021 йил дунё мамлакатларида мактабларда овқатланиш дастурлари бўйича БМТ ЖООД ёрдамининг кўриниши 

Мактабларда бепул овқатланишни ташкил этиш муаммоларини ҳал қилиш бўйича тавсиялар

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва бепул мактаб овқатини ташкил этиш сифатини ошириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилмоқда:

Биринчидан, мактабларда бепул овқатлантириш дастурларини молиялаштириш учун халқаро ва маҳаллий донорлар маблағини жалб этиш имкониятини назарда тутувчи умумтаълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини ташкил этиш тўғрисидаги низомни такомиллаштириш. Шунингдек, молиявий ва техник воситаларни жалб қилиш, мазкур жараёнга умумэътироф этилган инновация усулларини (ноу-хау) жорий этиш учун БМТ ЖООД билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Иккинчиданчекланган бюджет маблағларида миллий амалиётга киритиш мумкин бўлган манзилли бепул мактаб овқатланишини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани пухта ўзлаштириш. Масалан, Франция Президенти Макрон ўзининг Камбағалликни қисқартириш режасига 1 евро баҳосидаги мактаб тушликлари билан ёрдам беришни киритди, COVID-19 даврида эса ижтимоий ҳимоя тизими университет талабалари учун амал қилди. АҚШда 2022 йил сентябрь ойида Президент Байден очлик, овқатланиш ва саломатлик масалаларига бағишланган Миллий стратегияни янгилади, у АҚШ болалари учун мактабда бепул овқатланишни оммалаштиришни ўз ичига олган.

Учинчидан, бошланғич синф ўқувчиларининг ёш гуруҳлари бўйича мактабда алоҳида бепул овқатланишини ташкил этиш учун мавсумий меню ва овқатланиш меъёрларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда тендерларни ўтказиш, кейтеринг компанияларини танлаб олишда мазкур нормативларга қатъий амал қилиш.

Тўртинчидан, энг яхши таклифларни аниқлаш учун тендерларни ташкил этиш ва ўтказишда, шунингдек, кейтеринг компанияларини танлаб олишда халқаро тавсияларга, хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) келгусида давлат харидлари бўйича ва коррупциянинг олдини олишнинг самарали чораси бўлиб хизмат қилиши мумкин, деган тавсияларига қатъий риоя қилиш.

Бешинчидан, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари бўйича кейтеринг компаниялари томонидан етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва миқдорини, шунингдек, уларнинг соғлом овқатланиш қоидалари ва талабларига мувофиқлигини мунтазам мониторинг қилишнинг самарали усул ва механизмларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Олтинчиданижтимоий тармоқлар, телевидение, буклама рекламалар каби воситалардан фойдаланган ҳолда мактабда бепул овқатланиш дастури ҳақидаги маълумотни тарқатиш учун ахборот кампаниясини кенгайтириш.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мактабларда овқатланишни йўлга қўйиш болалар ва ўсмирлар соғлиғини мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурувчи комплекс таълим тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Мустаҳкам соғлиқ ва муқобил овқатланиш, бу — нафақат касаллик ва тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, балки яхши кайфият, шунингдек, кундалик вазифаларни фаол равишда уддалаш имконияти ҳамдир.

Жамшид ШАРИПОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти 

ЎзА