Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида мамлакатимизда бўлиб турган Мўғулистон делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот давомида меҳмонларга қўмита фаолияти, мамлакатимизда айни йўналишда олиб борилаётган ишлар, ривожланиб бораётган халқаро алоқалар, хориждаги ватандошлар фаолияти бўйича маълумот берилди.

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги дўстликни, маданий-маърифий алоқани ривожлантириш, тинч, фаровон ҳаётни таъминлашда “халқ дипломатияси” муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Қўмита ва Мўғулистон хориж билан дўстлик уюшмаси ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик мавжуд. Бу борада бир неча бор делегациялар алмашинуви, давра суҳбатлари, анжуманлар ташкил қилинган.

Суҳбат чоғида меҳмонлар Ўзбекистонни иккинчи ватан сифатида эътироф этиб, ўзбек халқига ҳурмати жуда юқори эканини таъкидлади. Зеро, улар 1975-1992 йиллар мобайнида юртимиз олийгоҳларида таҳсил олишган. Элимизнинг урф-одати, Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан яқиндан танишган.

Дўстона руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Мўғулистон ёшлари дўстлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилиб, айни йўналишда янги лойиҳалар ишлаб чиқишга доир таклиф, тавсиялар ўртага ташланди.

 

Г.Сатторова,
Даврон Эрназаров (сурат),

ЎзА