Хабар берганимиздек, шу йил 2 октябрдан мамлакатимизда Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси бошланди.

ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, Озарбайжондан ташриф буюрган тиббиётнинг еттита йўналиши бўйича ўнлаб етакчи тиббиёт мутахассислари, соҳа олимлари иштирокида юртимиздаги қатор даволаш муассасаларида катталар ва болаларда 100 дан ортиқ юқори технологик, кам инвазив операциялар бепул ўтказилиши режалаштирилган.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари ҳамкорлигида ҳудудларда юқори технологияларга асосланган мураккаб амалиётлар ўтказилади.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида декада доирасида илк қўшма операция озарбайжонлик хирург-травматолог иштирокида лапароскопик йўл билан буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди.

– Хабарингиз бор, Озарбайжон миллий етакчиси Гейдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш декадаси ташкил этилди, – дейди хирург-трансплантолог Камран Бейдуллаев. – Бунинг учун Озарбайжондан мамлакатингизга бир гуруҳ малакали мутахассислар ташриф буюрди. Биз бу ерда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро билим ва тажриба алмашяпмиз. Хирургия марказида лапароскопия йўли билан буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини бажардик. Умуман олганда сўнги 4-5 йилда Ўзбекистон тиббиётида рўй берган улкан ижобий ўзгаришлар бизни чексиз қувонтирди.

Наманган вилояти Поп туманида яшовчи 47 ёшли Ихтиёр Юсупов бир неча йилдан буён сурункали пиелонефрит хасталигидан азият чекиб келади. Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида. Ўтказилган биокимёвий текширувлардан сўнг фуқарода азотемия белгилари борлиги ҳам аниқланган. Бемор маълум муддат гемодиализ муолажасини олган. Бироқ бу ҳам дардига тўлиқ шифо бўлмагач, унга буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.

– Бу мен учун янги ҳаётга қайтишдир, – дейди бемор Ихтиёр Юсупов. – Шифокорларимизга раҳмат. Тиббиётимизнинг ривожланганини ўзим мисолимда кўряпман, ҳис қиляпман. Ҳаммаси яхши бўлиб кетишига ишонаман.

– Ҳиндистонга бориш керак дейишди, – дейди беморга донорлик қилган 58 ёшли акаси Абдусалом Юсупов. – Амалиётни ўзимизда бажариш имконияти яратилганидан мамнунмиз.

Таъкидлаш лозимки, бундай мураккаб амалиётларни бажаришда илғор технологиялар, лаборатор таҳлиллар, пухта тайёргарлик муҳим аҳамият касб этади. Аммо жарроҳларнинг юксак маҳорати асосий омил ҳисобланади. Марказ мутахассислари эса бу борада етарли кўникма ва тажрибага эга бўлиб, сўнгги беш йилда 200 га яқин буйрак кўчириш амалиётларини бажарди.

– Илк бор Озарбайжон мутахассислари билан бизнинг мутахассисларимиз буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини бажарди, – дейди Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоилов. – Ўйлайманки, мутахассисларимизнинг уларга ўргатадиган, уларнинг мутахассисларидан эса  ўрганадиганларимиз бор. Шундай экан, ушбу декада икки томонлама фойда келтиради.

Ҳозир донорнинг ҳам, рецедентнинг ҳам аҳволи яхши. Улар шифокорларнинг доимий кузатуви остида. Умуман ушбу декада доирасида ўзаро ҳамкорликда қўшма амалиётлар, маҳорат дарслари, кам инвазив хирургия ва трансплантология, офтальмология, онкология, гинекология, травматология каби қатор йўналишлар бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади.

Табиийки, бу мамлакатларимиз мутахассисларининг ўзаро билим ва тажриба алмашиши, улар ўртасида дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шунингдек, декада давомида озарбайжонлик меҳмонлар Ўзбекистон тиббиётидаги трансформация жараёнлари билан яқиндан танишиб, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади.

Якунда икки давлат соғлиқни сақлаш вазирлари, тизим масъуллари ва етакчи тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида пойтахтимизда Ўзбекистон – Озарбайжон тиббиёт форуми ўтказилади.

Унда соҳани рақамлаштириш, фармацевтика, халқ табобати, тиббий таълим ва илм-фан соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилиб, икки томонлама меморандум ва шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Бинобарин, декада доирасида ўзбекистонлик жами 100 нафар мутахассис, яъни 50 нафар шифокор ҳамда 50 нафар ўрта тиббиёт ходимини Озарбайжонга малака ошириш ва қайта тайёрлаш учун юбориш масаласи юзасидан келишувга эришилиши кутилмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА