Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчиси 3 ойдан буён ойлик маош олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ муносабат билдирди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг 8 та автобус саройи филиалларида хизмат кўрсатувчи автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари белгиланган тартибда ҳисобланади. Унга кўра, ходимларга ишланган ой тугагач, кейинги ойнинг 1-санасидан 10-санасига қадар ҳайдовчиларнинг 1 ойда ишлаган иш соати, бажарган қатновлар сони, мунтазамлиги ҳисоблаб текширилади.

Шунингдек, ҳайдовчининг бир ой давомида йўналишда ҳаракатланган вақтда содир этган қоидабузарликлари текширилади. Барча маълумотлар йиғилгандан сўнг, кейинги ойнинг 10-санасидан ойлик маошининг аниқ ҳисоби чиқарилади. Шундан сўнг, белгиланган ойлик маошлари ҳайдовчиларга тўлана бошлайди.

Мурожаатда келтирилган маълумот яъни, автобус ҳайдовчиси 3 ойдан буён ойлик маоши олмаётгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга зид.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг фақатгина август ойи учун қисман қарздорлиги мавжуд бўлиб, ҳафта якунига қадар тўлиқ қоплаб берилади”, дейилади муносабатда.

ЎзА