Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев йиғилганларни касб байрами билан қутлади ва давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда қайд этилганидек, сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатимизда кўплаб янги боғчалар, мактаб ва олий таҳлим муассасалари барпо этилмоқда. Таълим-тарбия ва илм-фан муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлоди яратилмоқда.
Соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олий ўқув юртларимиз сонини 77 тадан 212 тага етказишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим ютуғимиздир.
Сўнгги беш йил мобайнида Қорақалпоғистонда мактабгача таълим ташкилотлари сони 318 тадан 1654 тага, болаларни қамраб олиш даражаси 27,6 фоиздан 80 фоизга етказилди. Умумий таълим мактаблари сони 706 тадан 722 тага, олий таълим муассасалари сони эса 6 тадан 12 тага ошди. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи 14,2 фоиздан 41,8 фоизга етди.
Истеъдодли ёшларимизни ўқитиш тизимини янада ривожлантириш мақсадида ҳудудда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида 18 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил қилинди.
Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли жорий йилда жами 9 минг 500 нафар ёш қўшимча квота асосида талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Шундан 113,5 дан юқори балл тўплаган 3 минг нафар ёш давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Тадбирда соҳа фидойиларига мамлакатимиз ва Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонлари, орден ва медаллари, кўкрак нишонлари, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбир санъат усталари концерти билан якунланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари.