1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Сўнгги йилларда таълим тизимини янгича ривожлантириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Соҳани бундан 7-8 йил аввалги шарт-шароитлар билан таққослаб бўлмайди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Аҳмед Наримбетов. – Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригидаги “Муаллимнинг обрў-эътибори – бу, аввало, миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир” деган фикрлари бугун айни ҳақиқатга айланмоқда.
Барчамизга маълум, халқимиз азалдан муаллим ва устоз деганда, дастлаб теран билимга эга, фикрлаш доираси кенг, ўзини тутиши ва нутқ маданияти билан ажралиб турадиган, бошқаларга ўрнак бўладиган, энг асосийси, ўз ҳаётини фарзанд тарбияси ва унинг камоли билан боғлаган савобли касб эгаларини тасаввур қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 август куни бўлиб ўтган видеоселекторда мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизимини жорий этиш, келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмасини жорий қилиш, директорликка номзодларни фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танлаш ва муддатли шартнома асосида ишга олиш, хусусий мактабларни ташкил этиш каби қатор вазифалар илгари сурилди.
Сўнгги беш йил ичида Қорақалпоғистонда умумий таълим мактаблари сони 706 тадан 722 тага ошиб, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи 14,2 фоиздан 41,8 фоизга етди. Истеъдодли ёшларимизни ўқитиш тизимини янада ривожлантириш мақсадида ҳудудда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида 18 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил қилинди.
Сўнгги икки йил мобайнида Оролбўйида ҳам бир қатор умумтаълим мактабларининг бинолари янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, Нукус шаҳридаги “Алланияз Қаҳрамон” ҳамда “Боғчилик” маҳалла фуқаролар йиғинларида 1 минг 584 ўринга мўлжалланган 2 та янги мактаб, Кегейли тумани “Оқтуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 330 ўринга мўлжалланган, Қораўзак тумани “Есимўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 330 ўринга мўлжалланган янги мактаб қуриб битказилган бўлса, Қонликўл тумани “Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 330 ўринга мўлжалланган янги умумтаълим мактабининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Нукус шаҳрида 504 ўқувчи ўрнига мўлжалланган ўқув биноси, 222 ўринлик ётоқхона ҳамда спорт зални ўз ичига олган ихтисослаштирилган мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Таълим соҳасидаги яна бир аҳамиятли масалалардан бири хусусий мактаблар очишдир. Бугунги кунда Нукус шаҳрида, Элликқалъа ҳамда Тўрткўл туманларида 4 та хусусий мактаб фаолият олиб бориб, уларда 612 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Тадбиркорлар томонидан Нукус шаҳрида 320 ўқувчи ўрнига мўлжалланган яна 2 та хусусий мактаб барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Хўжайли туманидаги 14-умумтаълим мактабининг бўш турган биноси қайта реконструкция қилиниб, касб-ҳунарга йўналтириш маркази ташкил этилди. Марказда ўқувчилар 6 та йўналиш, жумладан, устачилик, чет тилларини ўрганиш, мобиль телефон таъмирлаш, аёллар сартароши, тикувчилик, қандолатчилик бўйича амалиёт ва билим кўникмаларини олишади.
Таъкидлаш лозимки, аксарият мактабларда технология фани хоналари зарур асбоб-ускуналар билан таъминланмаган ёки аксариятида мавжуд ускуналар эскирган. Барча мактабларни бир вақтнинг ўзида бюджет маблағи ҳисобидан асбоб-ускуналар билан таъминлашнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам мактаб раҳбарлари ташаббускорлик кўрсатиб, таълим лойиҳалари, маҳаллий ва хорижий грантларда иштирок этиб, мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриши керак.
Халқимизда излаган имкон топади, деган гап бор. Айрим мактаб раҳбарлари бу борада изланишлар олиб бормоқда. Жумладан, Беруний туманидаги 69-умумтаълим мактаби технология фани хонасига замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш учун “Open budget” лойиҳасида 1 миллиард сўм, Шуманай туманидаги 7-умумтаълим мактаби 700 миллион сўмлик грант лойиҳаси ғолиби бўлди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги 1-айрим фанлар чуқур ўргатиладиган синфи мавжуд умумий ўрта таълим мактабида тикувчилик устахонасига ускуналар олиш учун Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонасининг 160 миллион сўмлик грант лойиҳаси, 10-сонли мактаб-интернати Брайл дисплейини харид қилиш учун 350 миллион сўмлик грант лойиҳасида ютиб чиқди.
– Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман, – деган эди давлатимиз раҳбари барча ўқитувчилар, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига мурожаатида. Ушбу эътироф соҳа ходимларига ғурур ва эҳтиром бағишлаши билан бирга, уларнинг ҳар бирига катта масъулият ҳам юклайди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбири.