XIX Осиё ўйинларида мамлакатимиз ҳудудлари спортчилари қаторида қорақалпоғистонликлар ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.
Жумладан, қиличбозликнинг сабля йўналишида аёллар терма жамоамиз таркибида Зайнаб Дайибекова, Гулистон Пердебаева олтин медалларни қўлга киритди. Шунингдек, қиличбозликнинг шпага йўналишида иштирок этган Дилназ Муртазаева, сабля йўналишида Зайнаб Дайибекова Осиё ўйинларининг бронза медаллари билан тақдирланди.
Нукус халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалида спортчилар тантанали кутиб олинди. Унда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапиришди. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилаётган Осиё ўйинларида мамлакатимиз делегациясининг муваффақиятига қорақалпоғистонлик спортчилар ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Кутиб олиш маросимида спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА