Бу уйда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов яшаган

Қаршида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан адабиётимизнинг буюк намояндаси, мадҳиямиз муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг 1992-2016 йилларда яшаган Қарши шаҳридаги уйи пештоқига ижодкорнинг бюсти ва ёдгорлик лавҳа ўрнатилди.

Шоир ўзи туғилган, камолга етган воҳани, унинг содда ва самимий одамларини қанчалик севган, шеър ва достонларида баралла куйлаган бўлса, Қашқадарё халқи ҳам уни шунчалик ардоқлайди. Адиб хотирасини абадийлаштириш учун амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар вилоят аҳлини шод этаётгани ҳам шундан.

Ёдгорликнинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар, шоирнинг яқинлари ва ёшлар иштирок этди. Тадбирда адибнинг ўзбек адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси, давлат ва жамоат ишларидаги, ёш ижодкорларни тарбиялашдаги жонкуярлиги ҳақида сўз юритилди. Ўқувчи-ёшлар томонидан шоир ижодига мансуб шеърлар ўқилди.

1.jpg

3.jpg
4.jpg
Таъкидлаш лозимки, жорий йил давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қарши шаҳри марказида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолият бошлади. Мактабда ташкил этилган хиёбонда шоир ҳайкали қад ростлади. Шунингдек, мактаб негизида адибнинг барча асарлари ва бошқа ижодкорларнинг китобларидан иборат кутубхона ва музей ташкил этилди.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА