Тошкентдаги «Темирйўлчилар маданият саройи»да Ўзбекистондаги биринчи профессионал вокал мактаби – «Пиязов академияси»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда академия бадиий раҳбари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязов мактаб ҳақида умумий маълумот берди.
– Аслида, мазкур академияни очиш ғояси икки йил олдин пайдо бўлганди, – деди Женисбек Пиязов. – Академияда учта йўналиш бўйича дарс ўтилади. Биринчиси, классик йўналиш – опера ҳисобланади. Мазкур йўналишда 10 та ўқувчи қабул қилинади. Иккинчиси, эстрада ва мақом йўналишидир. Учинчи йўналиш эса сухандонларга мўлжалланган бўлиб, гапирганда тез чарчаб қолмаслик, овоз техникаси ўргатилади.
Таъкидлаш жоизки, «Пиязов академияси»да италиялик таниқли операчилар ҳам дарс беради. Шунингдек, ҳар йили бир ёки иккита ўқувчи грант асосида Италияга ўқишга юборилади.
Қолаверса, 40 кишидан иборат «Браво» оркестри ҳам академия билан ҳамкорлик қилиши кутилмоқда.
А.Рустамов, ЎзА