Бу йилги Нобель ҳафталиги Стокгольмда физиология ёки тиббиёт соҳасидаги мукофот эгаси номини эълон қилиш билан очилади. Тез кунларда барча номинациялар бўйича ҳам совриндорлар маълум бўлади.
“AзерТAЖ” хабарига кўра, физика бўйича Нобель қўмитаси қарори 3 октябрда, кимё бўйича 4 октябрда, адабиёт бўйича 5 октябрда эълон қилинади. 6 октябрь куни Ослода Тинчлик мукофоти соҳиби номи эълон қилинади. Швеция Давлат банки томонидан 1968 йил таъсис этилган иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори 9 октябрь куни аниқланади.
1833-1896 йилларда яшаб ўтган Aльфред Нобель васиятномада физиология ёки тиббиёт бўйича ғолиб танлашни 1810 йил ташкил этилган, ҳозир дунёдаги етакчи ўқув ва илмий тиббиёт марказларидан бирига айланган Стокгольмдаги Каролинска институтига ишониб топширган. Ушбу муассаса қошида тузилган Нобель қўмитаси беш доимий аъзодан иборат бўлиб, улар мутахассисларни маслаҳатлашувга таклиф қилиши мумкин. Номзод тақдим этиш муддати 31 январда тугайди, шундан сўнг кўриб чиқиш жараёни бошланади.
Қўмиталар сўнгги дақиқагача мукофотга номзоднинг ўзи ёки уни илгари сурганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди. Мутахассислар, одатда, сир тутилган исм-шарифлар ҳақида тахмин қиладилар.
Швециялик экспертлар фикрича, ноинвазив пренатал тестни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган гонконглик молекуляр биолог Деннис Ло бу йил лауреат бўлиш имконига эга. Мукофотга эга чиқиши мумкин бўлган яна бир олим – “BRCA1” ирсий кўкрак саратони генини кашф этган америкалик Мери-Клер Кинг.
Американинг “Clarivate” компанияси олимларининг иқтибос рейтингига асосланиб, кимлар мукофот олиши мумкинлигини башорат қилган. Бу рўйхатда америкаликлар Карл Жюн, Стивен Розенберг ва Мишел Саделин ҳам бор. Улар саратонни даволаш учун кимерик антиген рецепторлар билан Т-ҳужайра терапияси соҳасида тадқиқот олиб борган. Шунингдек, “Инсон танасининг мураккаб микробиал экотизимини очиб берувчи ҳисоблаш ва синов тадқиқоти учун” яна бир АҚШ вакили Роб Кнайт ҳам мукофотланиши мумкин бўлганлар рўйхатига киритилган. Олимнинг фаолияти одам, ҳайвон ва атроф-муҳит микробиомалар (микроорганизмлар жамоалари)ини тавсифлашнинг лаборатория ва ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқишга йўналтирилган.
Эҳтимолий ғолиблар қаторига уйқу тадқиқотчилари Эммануэл Мигнот, Клиффорд Сапер ва Масаши Янагисава ҳам қўшилган. Улар “уйқу-уйғониш циклининг генетик ва физиологик тадқиқоти ҳамда нарколепсия билан боғлиқ муҳим уйқу регулятори сифатида гипокретин ёки орексинни кашф этгани учун” эътироф этилиши мумкин.
1901 йилдан бошлаб тиббиёт бўйича Нобель мукофоти 113 марта берилган. Ҳозиргача лауреат бўлган 225 кишидан 12 нафари аёл. Энг ёш ғолиб сифатида 1923 йил инсулинни кашф этгани учун 32 ёшли Фредерик Бантинг тан олинган. Энг кекса нобелчи Пайтен Роуз эса ушбу ноёб совринни 87 ёшида, 1966 йил онкоген вирусни топгани учун олган.
Мукофотлар Нобель вафот этган куни – 10 декабрда топширилади. Стокгольм филармониясида бўлиб ўтадиган маросимда лауреатлар ғоя асосчиси сурати туширилган олтин медаль ва қирол Карл XVI Густав қўлидан диплом олишади. 2020 ва 2021 йилларда пандемия сабабли тадбир онлайн ўтказилган. Жорий йил ҳар бир номинация бўйича бериладиган пул миқдори ўтган йилга нисбатан 1 миллион кронга ошди ва 11 миллион кронга тенглашди.
Гўзал Сатторова, ЎзА