Халқимиз миришкор. Шунга яраша, деҳқончиликнинг ҳадисини олган кишидан заминимиз ҳам баракасини аямайди. Аммо, “отанг – бозор, онанг — бозор” деган нақл ҳам бежизга айтилмаган. Эрта баҳордан кеч кузгача меҳнат қилиб, мўл ҳосил олсангу, муносиб нархда сотолмасанг, қилган меҳнатинг ҳавога учгандек гап. Шу маънода бугунги деҳқон нафақат ўз касбининг устаси, балки бозорнинг ҳадисини олган бўлиши керак.
Бир фильмда шундай лавҳа бор: деҳқон картошка экса унинг баҳоси тушиб, пиёз қимматлашади, кейинги йил пиёз экиб, қоплаб, йўл четига чиқариб турса, хориж машинасида бир тадбиркор келиб, маҳсулотга жуда паст баҳо беради. Бечора деҳқон у айтган нархда сотишга мажбур.Чунки, маҳсулотни сақлаб туришдан наф йўқ, унинг нархи кун сайин пасайиб бораётганди.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бир мавсумда қиммат бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, иккинчи йил арзон бўлади. Нега? Инсон психологияси қизиқ, бозорда қайси маҳсулот қиммат бўлса, кейинги мавсумда кўпроқ фойда олиш умиди-да, шу эккинни экишга ҳаракат қилади. Лекин унга ўхшаган “ақлли”лар кўп бўлиши мумкинлигини унутиб қўяди, чоғи…
Демак, бугунги деҳқон ҳам дала ишидан, ҳам бозор маркетингидан хабардор бўлсагина, даромадида барака бўлади.
Ўзбекистонимиз узум, ўрик, полиз экинлари, сабзавотлар, қуритилган мевалар экспортида дунёда олдинги ўринларда туриши кўпчиликка сир эмас. Мисол учун, туршак экспортида иккинчи, ўрик ва майиз экспортида тўртинчи, гилосда бешинчи, карам ва олхўри экспортида еттинчи ва саккизинчи ўринлар мамлакатимизга тегишли.
Эътибор қилинг, биз дунёда ўрик сотиш бўйича тўртинчи ўриндамиз. Бу Марказий Осиё ёки МДҲ давлатлари доирасида эмас, балки дунёдаги икки юздан ортиқ давлат орасида тўртинчи ўрин.
Биз бундай талабдан унумли фойдаланиб, экологик тоза, органик маҳсулотларимизни дунё бозорида муносиб нархларда сотишни ўрганишимиз керак. Ахир, экспортдан мақсад фақат сотиш эмас, фойда кўриш-ку.
Дунё бозорининг яна бир жиҳати бор. Яъни паст нарх қўйилган маҳсулот харидорда шубҳа уйғотади. У ўйлайди бунинг сифати паст ёки янги узилмаган бўлса керак деб. Шундай экан, кўп маҳсулотниарзон сотган яхшими ёки камроқ бўлсада қиммат сотганми?
Статистик маълумотларга эътибор қилсак, дунё бозорида органик маҳсулотнинг ўртача нархи 5 доллар. Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эса экологик тоза ҳисобланади. Шундай бўлгач, биз ҳеч бўлмаса 3-4 долларга сотишимиз керак-ку!
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 29 мартида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида бу ҳолат алоҳида қайд этилган. Хусусан, ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлиши, шунингдек, етиштирилган маҳсулотни арзон нархларда сотиш туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг молиявий кўрсаткичлари пастлигича қолмоқда.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, жорий йилда мамлакатимизда 25 миллион тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Уларнинг ҳар бири тури – экспортбоп. Шу вақтга қадар деҳқон пешона тери маҳсули бўлган маҳсулотларни муносиб нархларда сотолмас эди. Сабаби, уларни савдоси билан мутахассис бўлмаган субъектлар шуғулланиб келган.
Энди эса дунё бозоридаги нарх-навони мониторинг қилиб борадиган ва юртимиздан экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун масъул бўлган “Ўзагроэкспорт” фаолият юритмоқда. У ҳақиқий бозор нархларини шакллантиришда дастлабки қадамларни қўйди. Мисол учун, бу йилги гилос ҳосили 4 долларгача бўлган нархда экспорт қилинмоқда. Унинг ўтган йилги баҳоси 2 доллар атрофида эди.
Ваҳолонки, Америка, Туркия, Чили каби давлатлар гилоснинг килосини 6 доллардан 15 долларгача бўлган баҳода экспорт қилмоқда. Ёки ўрикни олайлик, бизда 55 центдан сотилган ҳолда Франция 2 доллар, Испания 1,6, АҚШ 19,70, Иордания 27,52 долларда харидор топишни уддаламоқда.

 

Сайёра Шоева, ЎзА