Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Сунь Вэйдун Давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси масаласи бўйича ёрдамчиси Дэниел Критенбринк билан Хитой – Америка ҳамда Осиё – Тинч океани минтақаси муносабати бўйича конструктив музокара ўтказди, дейилади ХХР ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.
– Томонлар икки мамлакат муносабати бўйича очиқ, чуқур ва конструктив фикр алмашди, – дейилади хабарда. – Шунингдек, дипломатлар Осиё – Тинч океани минтақасида юзага келган вазият, икки давлат олиб бораётган минтақавий сиёсат, халқаро ва минтақавий масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Хитойлик мулозим америкалик дипломатга ХХРнинг Тайвань масаласида тутган позициясини тушунтирган ва “Ягона Хитой” тамойили Тайвань бўғози ҳудудида тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашнинг асосий шарти эканини таъкидлаган.
Хитой томони АҚШ билан Осиё – Тинч океани минтақасидаги ҳамкорлик икки давлат умумий манфаатига мос келиши, минтақа мамлакатларининг ҳам хоҳиши эканини эътироф этган.
Сунь Вэйдун шу куни Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд билан ҳам музокара олиб боргани айтилмоқда.
Хабарда мазкур учрашув тафсилоти келтирилмаган.