Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани «Қораўзак» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Азат Абдижамилов томорқасидан олинган қўшимча даромади ҳисобидан «Cobalt» автомашинаси сотиб олди.
– Йиғинимиз ҳудудида томорқа ерларидан самарали фойдаланаётган оилалар кўп, – дейди «Қораўзак» ОФЙ раиси Аманбай Темирханов. – Томорқаларда асосан пиёз, помидор, картошка, сабзи ва бошқа сабзавотлар экилади. Азат Абдижамилов томорқадан унумли фойдаланаётганлардан биридир. У ўзининг ер майдонига экиладиган кўчатларни иссиқхонасида етиштиради. Сабзавот экинларидан ташқари, мўъжазгина боғи ҳам бор.
Дарҳақиқат, Азат Абдижамилов томорқасини кўрган киши ҳавас қилади. Боғдаги олма, ўрик, олча, нок, лимон каби 40 дан зиёд дарахт ва турли узум навларидан иборат токзор эртанги мўл даромаддан дарак бериб турибди. Томорқа четида турган 20 қути асаларилари баҳор мавсумида мевали дарахтларни чанглантиришга хизмат қилади.
– Томорқа – қўшимча даромад манбаи, деган гап асл ҳақиқат, – дейди А.Абдижамилов. – Иссиқхонада кўчат етиштириш билан шуғулланганимга 3 йилдан ошди. 1 сотих ерга ўтган йил сентябрь ойида саримсоқпиёз экканман. Ҳозир гулламоқда. Бу йил иссиқхона тупроғини алмаштирдик. Даромадимиз ҳисобидан ер ҳайдайдиган мини-трактор ва «Cobalt» автомашинаси сотиб олдик.