Нукус шаҳридаги “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудни ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллада 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 107 фуқарога ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик, ҳунармандчилик каби соҳалар билан шуғулланиши учун 1 миллиард 179 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Ушбу фуқаролар аҳолига савдо ва сервис хизматини кўрсатиш, тикувчилик, пластик дераза ва эшик ромлари тайёрлаш, бир неча турдаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биогумус етиштириш каби йўналишларда ўз фаолиятини бошлаб ҳам улгурди.

Шунингдек, ҳудудда шаҳар ҳокимлиги ёрдамида 27 та кўчада электр энергия устунларини янгилаш, тунги ёритгичларни ўрнатиш, 4,5 километр узунликда ичимлик суви ва табиий газ қувурларини алмаштириш, хонадонларни интернет тармоғи билан таъминлаш, ички кўчаларга асфальт ётқизиш, хиёбонларга турли дарахт кўчатларини экиш бўйича эътиборга молик ишлар бажарилди.

Ҳозирда маҳалладаги 150 ўринли 13-мактабгача таълим муассасасининг янги биносини қуриш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бир нечта оила турар жойларининг том қисмида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА