Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқи аниқ ва амалий ташаббусларни илгари сурганлиги билан қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Чунки бугун дунёда геосиёсий зиддиятлар фонида сайёрамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ишончни тиклашга қаратилган даъватлар муҳим аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида инсониятни ташвишга солаётган муаммоларга ва уларни ечиш йўлларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратди.
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда дунёда кескин экологик вазият кузатилмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда. Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида давлатимиз ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли минбаридан туриб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол фожиасига қаратган эди. Шу ўринда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган конструктив таклифлар ҳамда ташаббуслар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилаётганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фондининг ташкил этилиши, Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилиниши шулар жумласидандир.
Биргина Оролбўйи ҳудудидаги экологик ҳолатни яхшилаш борасида 2018 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги кунга қадар Оролнинг қуриган тубида 1,7 миллион гектардан ортиқ майдонга саксовул, черкес ва бошқа шўрга ҳамда қурғоқчиликка чидамли ўсимлик уруғлари сепилди ва кўчатлари экилди. Лекин фожиа кўлами шу қадар кенгки, уни камайтириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳимдир.
Яна бир оғриқли масала глобал миқёсдаги сув етишмовчилиги хавфидир. Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим даражага кўтарилди. Жон бошига сув билан таъминлаш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади.
Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Зеро, Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш жуда муҳим вазифадир. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида ҳам сувни тежаш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш режалаштирилган. 2024 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро иқлим форуми доирасида жаҳоннинг етакчи компаниялари иштирокида сувни тежаш борасидаги технологиялари кўргазмаси ҳам ўтказилиши минтақа давлатлари учун илғор технологияларни жалб этишда қулай майдон вазифасини ўтайди.
Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқи сессия иштирокчилари томонидан юксак баҳоланди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастури қўллаб-қувватланиши, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш борасида илгари сурилган ташаббус ҳамда таклифлар муҳим аҳамият касб этади.
Казбек АРТЫКОВ,
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари.
ЎзА