Беларусь октябрь ойида Пекинда ўтадиган “Бир макон, бир йўл” саммитида иштирок этишни режаламоқда, деб хабар берди республика ташқи ишлар вазири Сергей Алейник.

– Биз ХХР билан кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширяпмиз, – деди мулозим. – Муносабатларимиз “ҳар қандай “об-ҳаво шароитида” стратегик шериклик ва ҳамкорлик хусусиятига эга. Беларусь Шарқий Европада биринчи бўлиб, “Бир макон, бир йўл” ташаббусига қўшилган ва амалий ишга киришган.

Алейник, шунингдек, Минск Хитойнинг Глобал тараққиёт ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлашини маълум қилди. ХХР Раиси томонидан киритилган мазкур ташаббус бўйича БМТ Бош Ассамблеяси сессиялари доирасида алоҳида йиғилишлар ўтказилди.

“Йиғилишларда биз ҳам иштирок этдик, мазкур ташаббусга муносабат билдирдик, ғояни амалга ошириш йўлидаги тўсиқларга эътибор қаратдик”, – деди вазир қўшимча қилиб.

ЎзА