Пойтахтимизда “Тошкент-2023” II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ўз ишини муваффақиятли давом эттирмоқда.
Ушбу симпозиум Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Симпозиум «Инсон ва табиат, иқлим ўзгариши, яшил маконларни асраш, Оролни қайта тиклаш» номли долзарб мавзуга бағишлангани билан аҳамиятлидир. Зеро, инсониятнинг она-табиатга бугун нечоғли масъулият билан муносабатда бўлиши унинг келажагини белгилаб беради.
Мазкур симпозиумдан кўзланган мақсад аҳолининг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳит объектларини, тарихий-маданий мерос обидаларини сақлаш, она-табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни таъминлашдан иборат.
Маҳобатли ҳайкаллар шаҳарнинг истироҳат боғлари, дам олиш зоналари, кўнгилочар ва сайёҳлик масканларида ўрнатилиб, шаҳар ва унинг меъморчилигига эстетик гўзалик бахш этади.
Мазкур симпозиум ҳайкалтарошлик санъати орқали экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусини халқимиз онгига чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг маданий муҳити ва бадиий-ландшафт қиёфасини ривожлантириш учун мармардан ҳайкалтарошлик асарлари яратиш, хорижлик ҳайкалтарошлар билан самарали ижодий ҳамкорлик, тажриба алмашиш учун қулай шарт-шароитни юзага келтириш режалаштирилган.
– Ушбу симпозиумда инсоннинг табиат билан ўзаро муносабатига оид 3-4 та ижодий ишим билан қатнашаяпман, – деди аргентиналик Лаура Маркес. – Ўзбекистонга илк марта келишим. Симпозиум кўплаб давлатлардан келган ижодкорлар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, Ўзбекистондаги бадиий-ижодий жараёнлар билан атрофлича танишиш имконини бермоқда.
Ушбу лойиҳа иккинчи маротаба ўтказилаётган бўлиб, биринчиси 2022 йил август-сентябрь ойларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда 7 нафар хорижий ва 5 нафар ўзбек ҳайкалтарошлари иштирок этган эди. Бугунги кунга келиб иштирокчилар сафи кенгайиб бормоқда. Бу йил бўлиб ўтаётган лойиҳада хориждан 10 нафар ва юртимиздан 11 нафар ижодкор иштирок этмоқда.
Ҳайкалтарошларнинг халқаро симпозиуми 30 сентябрга қадар давом этади. Унинг доирасида маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар бўлиб ўтмоқда, янги ҳайкалтарошлик намуналари яратилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА