Агар Қорабоғдаги ноқонуний қуролли тузилмалар қуролларини ташламаганда эди, Озарбайжон ҳарбий амалиётни “охиригача давом эттирган бўларди”, деб баёнот берди Президент Илҳом Алиев. Таъкидланишича, Қорабоғнинг тан олинмаган ҳукумати чоршанба куни эрталаб Боку шартига рози бўлгани ҳақида хабар берган.

– Уларга айтганмиз, сўзимиз жиддий, агар шартимиз қабул қилинса, биз шубҳасиз ҳарбий ҳаракатни тўхтатамиз, – деди Алиев миллатга қилган мурожаатида. – Афсуски, қарама-қарши томон ўт очишни бутунлай тўхтатмади ва шундан кейин ҳам ҳудудларимиз ўққа тутилди.

Озарбайжон етакчиси маълум қилишича, арманларнинг ноқонуний тузилмаларини қуролсизлантириш ва ҳудуддан олиб чиқиш жараёни аллақачон бошланган. Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан суҳбатда Алиев Қорабоғдаги амалиётни тўхтатиш шартини маълум қилган:

– Шартимиз бажарилмаганда биз охиригача борган бўлардик. Рақиб кучимизни, қатъиятимизни яхши билади. Энди Арманистон раҳбарияти Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди эканини тушуниб етди.

Маълумки, Озарбайжон Қорабоғда конституция тартибини тиклаш учун 19 сентябрь куни маҳаллий хусусиятга эга аксил террор тадбир бошлади. Ереван ушбу воқеани босқинчилик, деб атаб, Қорабоғда Арманистон ҳарбий бўлинмалари йўқлигини таъкидлади. Орадан бир кун ўтиб Россия воситачилигида Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Тинчлик ўрнатиш шарти орасида арман тузилмаларини қуролсизлантириш ва ҳудуддан оғир техникани олиб чиқиш бандлари ҳам бор. Сўнгги хабарларга кўра, Президент Илҳом Алиев Арманистон раҳбариятининг Қорабоғдаги вазиятга нисбатан тутган позициясига ижобий баҳо бериб, Боку билан Ереван ўртасида тинчлик битимини имзолашга умид уйғонганини таъкидлаган:

– Ереваннинг кеча ва бугун намойиш қилган позицияси Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги мавжуд муаммолар ҳал қилинадиган, тинчлик шартномаси имзоланадиган кун узоқ эмаслигига умид уйғотмоқда. Энди уч Кавказ орти мамлакати уч томонлама тартибда ҳамкорлик қила бошлайди. Боку дўқ-пўписа тили орқали мулоқотни қабул қилмайди.

ЎзА