Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) қутқарувчилари Қозоғистон Республикасида ўтказилган “Jer – 2023” қўмондонлик штаб ўқув машқлари ва “Kazspas – 2023” қутқарув йиғин – семинари доирасидаги халқаро қутқарув мусобақаларида қатнашди.
Унда Венгрия, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон қутқарувчилари ҳам иштирок этди.
Мусобақада иштирокчилар техноген офатлар шароитида, сувда ҳамда табиий муҳитда қидирув – қутқарув ишлари ва бошқа йўналишлар бўйича ўзаро беллашди. Қутқарувчилар бирдамликни ва фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларини ўтказишда юқори профессионалликни намойиш этди.
“Скальный город – Астана” дала ўқув машғулоти майдонида мазкур халқаро қутқарув мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мусобақа натижаларига кўра, Қозоғистон жамоаси биринчи, Ўзбекистон жамоаси иккинчи, Қирғизистон жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар медаль, диплом ва кубок билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА