Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят филиалларига «А» тоифали 100 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналари топширилди.
– Фавқулодда ҳолатларда ва касаллик хуруж қилган вақтда беморга имкон қадар тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга хизмат қилади, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғофуров. – Шу сабабли «103» хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Йил якунига қадар яна 500 дан ортиқ ана шундай транспорт воситаларини ҳудудларга етказиб бериш кўзда тутилган.
ССВ матбуот хизмати хабарида келтирилишича, энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.
Шунингдек, улар шаҳар ичида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, тежамкорлиги билан ҳам ажралиб туради. Энг муҳими, бу автомобилларда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.
М.Қосимова, ЎзА