O’zLiDeP Қораўзак туман кенгаши томонидан “Маданият” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги оилавий поликлиникада “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ташкил қилинди.

Учрашувда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад қамраб олингани таъкидланди. Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби ғоялар акс эттирилганлиги эътироф этилди.

 

Стратегияда барча соҳалар сингари тиббиёт соҳаси ҳам аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган даражада ислоҳ қилиниши, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Айниқса, кейинги етти йилнинг ичида тиббиёт тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳолига қулай имкониятлар яратиш, одамларнинг ўртача умр кўришини ҳозирги 73 ёшдан 78 ёшга етказиш, оналар ва болалар ўлимини икки баробарга қисқартириш, юрак-қон томир касалликларини кескин камайтириш, тиббий кўриклар сифатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан қатор вазифалар белгиланди.

Мулоқот давомида мазкур ҳужжат орқали инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш, муносиб турмуш шароити билан таъминлаш каби улкан мақсад ва марралар кўзланганлиги таъкидланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.