2014 йил санкцияга жавобан киритилган Россия озиқ-овқат эмбаргоси 2024 йилгача узайтирилди. Бу ҳақда ҳуқуқий ахборот веб-сайтида жойлаштирилган, Владимир Путин томонидан имзоланган фармонда айтилган.

“Россия Федерацияси Президентининг 2014 йил 6 августдаги 560-сонли “Фойдаланишни таъминлаш бўйича айрим махсус иқтисодий чора-тадбирларни қўллаш тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган айрим махсус иқтисодий чора-тадбирларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январдан 31 декабргача узайтирилсин”, дейилади ҳужжат матнида.

Эмбарго доирасида иқтисодий санкцияга қўшилган Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек AҚШ, Aвстралия, Канада, Норвегия, Исландия, Лихтенштейн, Aлбания ва Черногориядан гўшт ва сут маҳсулотлари, балиқ, сабзавот, мева ва ёнғоқни мамлакатга олиб кириш тақиқланади.