Саудия Арабистонининг Ар-Риёз шаҳрида ўтаётган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессияси кун тартибига инсониятнинг табиий ва маданий мероси билан боғлиқ 55 та объектни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш масаласи ҳам қўйилган. Шулардан бири Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан ҳамкорликда тақдим этилган “Ипак йўли: Зарафшон–Қорақум коридори” (Silk Roads: Zarafshan-Karakum Corridor) дир.

–Куни кеча Ар-Риёздан ажойиб хушхабар олдик,–дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Бухоро вилоятидан сайланган депутат, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Жаҳонгир Ширинов. – “Ипак йўли: Зарафшон–Қорақум коридори” ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Мазкур номзодномага киритилган барча обидалар турли даврларда бунёд этилган бўлиб, тарихдаги энг муҳим савдо йўлларидан бири – Буюк ипак йўлида жойлашган. Улар Марказий Осиё халқларининг бой маданий-тарихий мероси дурдоналари ҳисобланади.

Номзоднома Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда жойлашган жами 31 та тарихий обидани ўз ичига олади. Шулардан 15 таси Ўзбекистон, 9 таси Тожикистон ва 7 таси Туркманистон ҳудудида жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 15 обида, яъни Жартепа оташпарастлар ибодатхонаси, Сулаймонтепа, Кофирқалъа қўрғони, Дабуссия қўрғони, Қосим Шайх меъморий мажмуаси, Мирсаид Баҳром мақбараси, Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба, Деггарон масжиди, Чашмаи Айюб мақбараси, Варданзе қўрғони, Вобкент минораси, Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси, Чор Бакр некрополи, Варахша қўрғони, Пойкент қўрғонидир.

“Ипак йўли: Зарафшон–Қорақум корридори”нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши, бир томондан, ҳар бир юртдошимизга ўз тарихий ўтмиши билан фахрланиш туйғусини бахш этади. Иккинчи томондан эса, ушбу обидаларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга масъулият билан ёндашишимиз зарурлигини билдиради.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири