Корея Ўзбекистоннинг Осиё -Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо – иқтисодий шерикларидан биридир. Шу нуқтаи назардан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Кейинги беш йилда товар айланмаси икки баравар ошди. 2022 йилда товар айирбошлаш ҳажми 23,3 фоизга ўсди ва 2,34 миллиард  долларни ташкил қилди. 2025 йилга бориб мазкур кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш учун катта имкониятлар мавжуд.

Бу рақамлар Корея Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг Корея Миллий Ассамблеяси Спикери Ким Чжин Пхё билан мулоқотида қайд этилди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо – иқтисодий, инвестициявий, маданий – гуманитар, айниқса парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Корея ҳудудлараро ҳамкорлигини кенгайтириш, хусусан, маҳаллий кенгашлар ўртасида аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган қўшма дастурни қабул қилиш орқали депутатлар ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.

Аниқ мақсадларга, жумладан, ишлаб чиқариш корхоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш, ноёб металларни ўзлаштириш, шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берувчи йўллар барпо этиш борасида ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, БМТ институтлари ва бошқа тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, кўп қиррали ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА