Бугун пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви: барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Гибрид шаклда ўтган тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари эксперт-таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари, шунингдек, минтақа давлатларининг етакчи вазирлик ва идоралари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда жорий йилнинг 14-15 сентябр кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари муҳокама қилинди.

– Aйнан Ўзбекистон Президентининг прагматик минтақавий сиёсати Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида мавжуд бўлган кўпгина тўсиқларни бартараф этиш имконини берди, -деди тадбирда бевосита иштирок этган Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Яшил Марказий Осиё” дастури раҳбари Каролина Милов. – Унинг Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустаҳкамлаш, Aфғонистонда тинчлик ва осойишталикни сақлашда фаол ёрдам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлари, айниқса, эътиборга молик. Ишончим комилки, Ўзбекистон раҳбарининг афғон халқига зарур ёрдамни кўрсатишни давом эттириш, Термиз шаҳрида инсонпарварлик ёрдами учун халқаро хаб ташкил этиш ва афғонларни ўқитишни давом эттириш нияти ҳақидаги баёнотини халқаро ҳамжамият юксак эътироф билан қабул қилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Душанбе саммитидаги нутқида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди. Жумладан, минтақавий савдо алоқаларини янада ривожлантириш учун эркин савдо зонасини барпо этиш зарурлиги, шунингдек, минтақада барқарор савдо ва таъминот занжирларини яратиш бўйича комплекс минтақавий дастурни қабул қилишни таклиф қилган эди.

– Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши саммитида бир муҳим масалани илгари сурдилар, -деди Марказий Осиё халқаро институти Экологик тадқиқотлар бўлими бошлиғи Нозим Ҳасанов. – Хабарингиз бор, мазкур жамғармани такомиллаштириш жараёни ҳозир ҳам давом этиб келмоқда ва бу жамғарма тузилмасининг ичида ўта муҳим ташкилотлар бор. Улардан энг муҳимларидан бири бу –  Давлатлараро сув хўжалиги бўйича мувофиқлаштириш комиссияси ташкилоти. Унинг қошида эса иккита ҳавза ташкилотлари бор. Булар Aмударё ва Сирдарё. Aйнан шу саммит мобайнида давлатимиз раҳбари ушбу ташкилотлар ўрни, уларнинг техник салоҳиятини ошириш кераклиги ва унинг кўламини кенгайтириш масаласи ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилиш давомида халқаро экспертларнинг маърузалари тингланди ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.

Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА