Саудия Арабистони пойтахти – Ар-Риёд шаҳрида жойлашган Қирол Фаҳд номидаги халқаро стадионда Осиё Чемпионлар лигасининг (ОЧЛ) гуруҳ босқичи “D” гуруҳидан ўрин олган “Ал-Ҳилол” – “Навбаҳор” учрашуви жуда қизғин ўтди.

ОЧЛда дебютант жамоа саналган Наманганнинг “Навбаҳор”и қитъамизнинг тўрт карра чемпиони, таркибида бразилиялик Неймар, португалиялик Рубен Невеш, сербиялик Александар Митрович каби “топ” юлдузларни жамлаган “Ал-Ҳилол”га қарши ўзига хос ирода кўрсатиб, дуранг натижа (1:1) қайд этди.

Ўйинни ҳужумкор руҳда бошлаган мезбонлар ўйин тизгинини ўз қўлига олишга интилди. “Навбаҳор” эса кучли рақибдан қолишмасдан ҳимояга эътиборни қаратиб, муносиб қаршилик кўрсата олди.

20-дақиқага келиб уюштирилган дастлабки ҳужумни “Навбаҳор”чи Остон Ўрунов маромига етказиши мумкин эди, бироқ моҳир ярим ҳимоячининг ҳаволатиб йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.

28-дақиқада «Навбаҳор» ҳимоячиси Филип Иванович ўз жарима майдончаси ичида рақибга қўполлик ишлатгани учун огоҳлантирилди. Жамоамиз дарвозасига жарима тўпи белгиланди. Неймарнинг чамаси 18-20 метрлар масофадан пастлатиб берган зарбасини Ўткир Юсупов бартараф этди.

Иккинчи таймда вазият тамомила ўзгариб кетди. Шаҳд билан олдинга интилган “Навбаҳор”чилар 52-дақиқада муҳташам ўйингоҳни ларзага келтиришди. Аброр Исмоиловнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг грузиялик Тома Табатадзе меҳмонлар посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб, ҳисобни очди.

Ўтказиб юборилган голдан сўнг “Ал-Ҳилол” минглаб мухлисларининг қаршисида мувозанатни тиклашга интилди. “Лочинлар” сардори Ўткир Юсупов мезбонларнинг бир қатор ҳужумларини бартараф этишга муваффақ бўлди
Учрашувнинг 87-дақиқасида наманганлик футболчилар барчасига “нуқта қўйиши” мумкин эди. Лекин захирадан ўйинга қўшилган Жасур Яхшибоев “яккама-якка” ҳолатда ўта қулай имкониятни бой берди.

Муҳаммад Абдулла Ҳассан Муҳаммад бошчилигидаги БААлик ҳакамлар бригадаси учрашувдаги тўхталишлар учун нақд 14 дақиқа (!) қўшиб бергани билан кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Мезбонлар 90+10-дақиқада Али Ал Булайҳининг боши билан урган голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди.

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Эроннинг “Нассажи Мозандарон” жамоаси Ҳиндистон чемпиони “Мумбай Сити”дан 3:0 ҳисобида устун келди.

Самвел Бабаян бошчилигидаги “Навбаҳор” клуби энди ўз майдонида Мумбай клубини қабул қилади. Ушбу учрашув 3 октябрь куни ўтказилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳри.