АҚШ маъмурияти Москвадаги элчихонаси биринчи ва иккинчи котибларининг Россиядан чиқариб юборилишини асоссиз, деб ҳисоблайди ва кечиктирмасдан бунга жавоб беради. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Мэттью Миллер баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони “АҚШнинг Москвадаги элчиси Линн Трейсини икки америкалик дипломат «персона нон грата» – номақбул шахс, деб эълон  қилингани тўғрисида хабардор қилди”.

Аввалроқ элчихонада ишлайдиган россиялик ёлланма хизматчи медиа роликлар тақдим этгани учун ҳибсга олингани айтилган эди.

“Россия яна конструктив дипломатик ҳамжиҳатлик ўрнига қарама-қаршилик ва кескинликни афзал кўрди. Афсуски, Москва ҳануз АҚШ “элчихонаси ходимларини таъқиб этмоқда. Биз амални жавобсиз қолдирмаймиз, улар кутсинлар”, деб қўшимча қилди матбуот котиби.

Америкалик икки дипломат етти кун ичида Россияни тарк этиши керак.