Янги ўқув йилидан бошлаб “Kundalik.com” рақамли таълим платформаси фаолияти “e.maktab.uz” сифатида давом эттирилиши ҳақида хабар берилган эди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддиларининг изоҳига кўра, “Kundalik.com”да айрим камчиликлар бор бўлган.

“E-maktab.uz”нинг техник қўллаб-қувватлаш хизмати бошлиғи Ҳилола Иззатованинг тушунтиришича, агар логин ва калит сўз йўқотиб қўйилса, “E-maktab.uz” фойдаланувчилари электрон почтадан фойдаланмасдан, sms-хабар ёрдамида киришни тиклашлари мумкин.

– Янги фойдаланувчилар рўйхатдан ўтгандан сўнг дарҳол телефон рақамини ўз профилига боғлашлари мумкин бўлади, – деди Ҳ.Иззатова. – Қолганларга тизим сайтга биринчи марта кирганда контактни тасдиқлашни таклиф қилади. Телефон рақами билан контактни тасдиқлаган фойдаланувчилар SMS орқали ўз аккаунтларига киришни тиклашлари мумкин бўлади. Агар фойдаланувчи логин ёки калит сўзни унутган бўлса ва ўз профилида мобил телефонини илгари тасдиқламаган бўлса, у логин ёки паролини тиклаш учун мактаб маъмурияти ёки синф раҳбарига мурожаат қилиши керак. Сўнгра тизимга киришда телефон рақамини сўров ойнасидаги профилга ёки “Хавфсизлик” ёрлиғидаги профиль созламаларига боғлаш лозим бўлади.

Агар фойдаланувчининг телефонига SMS  келмаса, тасдиқлаш коди билан хабар юборилган рақам ва фойдаланувчига тегишли рақам мос келишига ишонч ҳосил қилиш керак. Шунингдек, рақам блокланмаганлигига ҳамда мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш керак.

“Фойдаланувчи профиллари бир хил телефон рақамларидан қайта-қайта фойдалана олмайди, бу эса шахсий маълумотлар хавфсизлигини қўшимча тарзда таъминлайди. Ота-оналар ўз рақамларига фарзандларини “боғлашлари” мумкин. Киришни тиклаш учун “Телефон орқали калит сўзни тиклаш” опциясини танлаш керак. Сўнгра телефон рақамини кўрсатиш, тасдиқлаш коди билан SMS -хабарни олиш, уни тегишли ойнага киритиш ҳамда янги калит сўзни икки марта киритиш лозим.

Агар киришни тиклашда қийинчиликлар юзага келса, уяли алоқа операторининг “call-марказ”ига ёки “E-maktab.uz”нинг техник қўллаб-қувватлаш хизматига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин: +998 (78) 888-82-82″.

SMS  ёрдамида киришни тиклаш бўйича видео йўриқнома ҳам тайёрланди.

 

М.Қосимова тайёрлади,  

ЎзА