Пойтахтимиздаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида “Узундара – 2023: дала мавсуми натижалари” номли кўргазма ва давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда жорий йил экспедиция даврида топилган 60га яқин археологик топилмалар ва иш жараёни акс этган фотосуратлар намойиш қилинди.

Жорий йил бир ой давомида Россия Фанлар академияси Археология институти, Ўрта Осиё археологик экспедициясининг Бақтрия отряди, Термиз давлат университети ҳамкорлигида Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи музей мудири, археолог К.Шейко иштирокида Узундара қалъаси, шунингдек, алоҳида Буюк Бақтрия деворлари қисмида қазишма ишлари олиб борилди.

Буюк Бақтрия деворининг қўрғон тизимини ўрганиш бўйича олиб борилган ишлар доирасида Сувсистаг тоғининг Парч, Санчил ва Харпарида даралари ҳудудида тўртта алоҳида минора ва деворидаги изланишлар ўз самарасини берди. Минора ва деворлар конструкцияларининг ўзига хос хусусиятлари, уларнинг қўшилган сопол материалга кўра санаси аниқланди. Бу эса ушбу иншоотларнинг Узундара қалъаси билан бир вақтда қурилганини билдиради.

Қидирув ишлари давомида Сувсистаг тоғидаги мустақил миноралар икки хил режа бўйича, яъни думалоқ ва квадрат шаклда қурилгани аниқланди. 2023 йилда олиб борилган қидирув ишлари Буюк Бақтрия деворининг истеҳком тизими миқёсини янада кенгайтирди.

Узундара қалъасининг ўзида турли ҳудудларда 250 квадрат метрдан ортиқ қазиш ишлари олиб борилган. Хусусан, (П-5), 10х5 м ўлчамдаги қазиш ишлари қалъа ички ва шимолий томонининг жанубий қалъа девор қисмини очиш имконини берди. Нумизматик ва керамика материаллари қалъанинг Эвтидем даврига ички тўлдирилганини кўрсатади.

 

Гулноза Бобоева,

ЎзА