Корхоналарда метан эмиссиялари 16 миллион метр кубга қисқартирилди

Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Жорий йил «Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили» деб номланиши ҳам бу борадаги ишлар кўламини кенгайтирмоқда.
Шу талаблардан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Швейцариянинг “Vema S.A.” компанияси билан ҳамкорликда “Метан эмиссияларини қисқартириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Куни кеча компания вакиллари билан ўтказилган учрашувда мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар натижалари ва келгусидаги стратегик қадамлар муҳокама қилинди.
Лойиҳа натижасида жамият тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналарида метан эмиссиялари 16 миллион метр кубга қисқартирилди. Бу 297 минг тонна SO2 эквивалентига тенг бўлиб, иқлим ўзгаришига қарши курашдаги муҳим ютуқлардан биридир. Шунингдек, лойиҳа глобал иқлим ўзгаришига қарши ҳаракатларга катта ҳисса қўшади.
Таъкидлаш керакки, «COP 26» саммитида қабул қилинган “Global Methane Pledge” ташаббусига 2022 йилда Ўзбекистон қўшилган. Бу ташаббус доирасидаги фаолият мамлакатнинг Париж келишуви бўйича мажбуриятларини бажаришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, “Метан эмиссияларини қисқартириш” лойиҳаси иқлимнинг яхшиланиши, энергия сарфини тежаш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий қилиш орқали иқтисодиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган янги стратегик қадамлар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА