Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллари биринчи бизнес – форуми бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари, хусусан, саноат ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, маданий – гуманитар, шунингдек, туризм ва транспорт каби соҳаларнинг вакиллари бўлган бизнес доиралар ва ишбилармон аёллар иштирок этди.

Форум доирасида ташкил этилган “Тадбиркорликдаги аёллар – Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш салоҳияти” мавзусидаги ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Норбоева ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Н.Кочанова кириш сўзи билан очиб берди.

Енгил саноат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, мунтазам тажриба ошириш зарурлиги қайд этилди. Ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, IT соҳасида алоқаларни ривожлантириш, тадбиркорлик, айниқса аёллар учун рақамли маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқиш, уларни рақамли иқтисодиётга кенг жалб этиш икки мамлакат ишбилармонлари учун бирдек манфаат келтириши таъкидланди.

Ялпи мажлисда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, тиббий кластерлар яратиш, озиқ-овқат саноати, автомобилсозлик учун кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Форумда якуний ҳужжат (декларация) қабул қилинди. Унда савдо-иқтисодий, инвестиция, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари акс этди.

Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида “B2B” форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 миллион долларлик 42 шартнома ва 17 меморандум имзоланди.

Н.Абдураимова, ЎзА