«Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонда аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказини Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилиш белгиланди.
Институт соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг барқарор тиббий маданиятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам мазкур институтга юкланмоқда.
Шу билан бирга, илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг устувор йўналишлари, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади.
Тиббий статистикани шакллантиради ва юритади. Статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Тиббиёт соҳасидаги статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштиради.
ЎзА