Бугун Тошкентда Ўзбекистон – АҚШ соғлиқни сақлаш ҳафталиги бошланади. 9 сентябрга қадар давом этадиган Ҳафталик давомида тиббиётнинг қатор йўналишлари бўйича Қўшма Штатлар стандартлари асосида илғор ёндашув ва тажрибаларни мамлакатимиз тиббиётига татбиқ этиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Қайд этиш керак, сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар юртимиз тиббиётини янада ривожлантиришга хизмат қиляпти. Айниқса, сил ва ўпка касалликларининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини махсус ускуналар билан жиҳозлаш, гепатит B ва С ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга қарши курашиш, санитария-эпидемиология каби қатор йўналишлар бўйича алоқалар йилдан йилга кенгаймоқда. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўртасида юртимизда фармакопеяни ривожлантириш ва референс лабораторияларни ташкил этиш бўйича грант маблағлари ажратилганлиги ҳам мамлакатимиз тиббиёти ривожига ҳисса қўшмоқда.
Аммо, ҳали тиббиёт соҳасида олдинда қилиниши лозим бўлган вазифалар талайгина. Хусусан, тиббий таълим, кадрлар алмашинуви, илмий тадқиқотлар, юқори технологияли операциялар, инновацион диагностика ва даволаш усуллари, касалликлар профилактикаси, тиббий суғурта, санитария ва эпидемиология, фармацевтика каби ўнлаб йўналишларда Қўшма Штатлари стандартлари асосида илғор ёндашув ва тажрибаларни мамлакатимиз тиббиётига татбиқ этиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон – АҚШ соғлиқни сақлаш ҳафталиги илк маротаба айни шу мақсадларда ўтказилмоқда.
Тўрт кунлик ҳафталик давомида АҚШдан юртимизга келган кўплаб малакали мутахассислар қатор тиббиёт муассасалари ва ташкилотларига ташриф буюриши кўзда тутилган. Жумладан, улар Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Шошилинч тиббий ёрдам маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослашган гематология илмий амалий-амалий тиббиёт маркази сингари шифо масканлари фаолияти билан танишиб, ўзаро фикр ва тажриба алмашади.
Шунингдек, хорижлик мутахассислар тиббиёт олий таълим муассасаларига ташриф буюриб, талаблар билан мулоқотлар олиб бориши кўзда тутилган.
Гўзал Сатторова,
ЎзА