II Халқаро ҳунармандлар фестивали 21-23 сентябрь кунлари Қўқонда бўлиб ўтади. Ер куррасининг қайси қисмида бўлмасин бу нуфузли анжуманда ўз санъатини намойиш этмоқчи бўлган усталар онлайн тарзда фестиваль ташкилий гуруҳига узлуксиз мурожаат қилишмоқда.
–Дунёнинг ҳар бир машхур ҳунармандида Қўқон фестивалида иштирок этиш истаги бор. Фестивалга 70 дан ортиқ давлатдан 400 га яқин ҳорижий меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. –Бу ҳунармандлар, соҳа илмий ходимлари, галереялар ва машхур брендлар асосчиси ҳамда вакиллари, машҳур дизайнерлардир.
Туркий тилли давлатлар туризм пойтахти мақомидаги Қўқон халқаро ҳунармандлар фестивалига астойдил ҳозирлик кўряпти. Ҳорижий ва мамлакатимиздан ташриф буюрадиган иштирокчилар учун меҳмонхоналар, журналистлар учун Матбуот маркази тахт қилиб қўйилди. Шаҳар кўча, ҳиёбонлари ораста холга келтирилди. Маълумки, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида донғи чиққан усталар бор. Улар учун ҳам барча шароитлар яратилди.
–Ўрда майдонида вилоятлардан келадиган 800 га яқин ҳунармандлар ўзларига хос маданият, санъат асосида кўргазмалар қурадилар, – дейди Расулжон Мирзааҳмедов. –У чин маънода ҳунармандлар шаҳарчасига айланади. Улар бу ерда маҳорат дарсларини ўтайдилар, ўзлари ясаган бюмларни намойиш этишади.
Шуни ҳам айтиш керакки, Халқаро ҳунармандлар фестивали фақат Қўқондагина эмас, кулоллар маркази Риштон, ипакчилик пойтахти Марғилон шаҳрини ҳам қамраб олади. Дастурда турли-туман тадбирлар режалаштирилган.
Масалан, фестиваль доирасида модалар кўргазмаси ташкил этиш кўзда тутилган. Дунёнинг машхур дизайнерлари қатнашиши кутилмоқда. Шу билан бирга биринчи марта жаҳон ҳунармандчилиги музейи Қўқон шаҳрида очилади.
Қўқон II Халқаро ҳунармандлар фестивали дунёнинг тўрт томонидан меҳмонларни кутмоқда.
Муаллиф:Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов