Шу кунларда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари университетлари талабалари учун «Seeds for the Future» нуфузли таълим дастури тадбирлари ўтказилмоқда.

Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг етакчи университетларидан 175 нафар талабани Қатарда илк бор бирлаштирган минтақавий тадбир маҳаллий истеъдодларни ривожлантириш, билим алмашиш, АКТ соҳаси ҳақида хабардорликни ошириш ва ёш истеъдодларнинг рақамли ҳамжамиятини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Унда Қатар, Саудия Арабистони, Кувайт, БАА, Баҳрайн, Қозоғистон, Покистон, Иордания каби мамлакатлардан келган вакиллар қаторида Ўзбекистоннинг еттита олий таълим муассасаси талабалари ҳам иштирок этмоқда.

Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов сўзга чиқди.

– АКТ иқтисодий ўсиш, иш ўринларини яратиш ва рақамли тафовутни кўпайтиришни таъминламоқда. Ўзбекистон келажагига сармоя киритиш бўйича мажбуриятимиз ўқитувчилар малакасини ошириш, АКТ  инфратузилмасини кенгайтириш ва махсус ишлаб чиқилган иқтидор дастурларини ишлаб чиқишни ўз ичига олган кенг қамровли саъй-ҳаракатларни талаб қилади. “Huawei” компанияси каби ҳамкорларимиз кўмагида биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришиш ва ёшларимизнинг истиқболли келажагини таъминлашга ишончимиз комил, – деди Р.Каримжонов.

“Huawei” компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги вице-президенти Ван Шунли компания Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда очиқ, умумий АКТ истеъдодлар экотизимини ривожлантириш тарафдори эканини айтиб ўтди.

– “Seeds for the Future“ бизнинг асосий глобал корпоратив ижтимоий масъулият дастуримиз бўлиб, истеъдодларни ўз мамлакатлари келажагини шакллантиришга илҳомлантиради. Биз дастуримизни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдормиз ва 2023 йил иштирокчиларига энг яхши тилакларимизни билдирамиз, – деди Ван Шунли.

Таъкидлаш керакки, “Seeds for the Future“  – “Huawei”  компаниясининг бутун дунё бўйлаб АКТ истеъдодларини ривожлантиришга қаратилган корпоратив ижтимоий масъулият бўйича таълим дастуридир. 2008 йилдан татбиқ этилган ушбу дастурга 139 мамлакатдан 15 мингдан ортиқ талаба аъзо бўлган. Ўтган йилларда 450 дан ортиқ давлат сектори вакиллари лойиҳа иштирокчиларини қўллаб-қувватлаган.

Айни чоғда дастурнинг биринчи босқич иштирокчилари илғор АКТ технологиялари, илмий ва технологик етакчилик, глобал мавзулар бўйича мунозаралар каби мавзуларда интенсив тренинглар ва семинарларда иштирок этмоқда. Эътиборлиси, дастур доирасида  “Seeds for the Future Tech4Good” танлови ўтказилади. Танлов ғолиблари жорий йилнинг 10-16 сентябрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу дастурнинг иккинчи босқичида иштирок этади. Унда ғолибликни қўлга киритган жамоалар Хитойда бўлиб ўтадиган якуний мусобақада қатнашади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири