Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаб қолиш, туризмни ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шу сабаб дунёда ўзбек ҳунармандлари яратган маҳсулот ва буюмларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

Шунга кўра, жорий йил 21-23 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида II “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ва унга уйғун ҳолда “Халқаро кулолчилик форуми” ўтказилиши кўзда тутилган.

Мазкур фестиваль ва форум хусусида “Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова қуйидагиларни гапириб берди.

–Мазкур тадбирлар давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 23 августдаги “Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Ушбу халқаро тадбир халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишда турли халқлар ўртасида тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, маданий алоқаларни халқаро миқёсда кенгайтириш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида ўтказилмоқда.

Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда.

Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил риволанмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда. Айтиш лозимки, 2019 йилда Биринчи “Халқаро ҳунармандчилик фестивали”да 78 та мамлакатдан 570 нафар иштирокчи, юртимизнинг 14 та ҳудудидан эса 1 минг 200 нафар маҳаллий ҳунармандлар иштирок этган. Шу билан бирга, бир миллиондан ортиқ ташриф буюрувчи ва хорижий сайёҳлар келган.

Ушбу нуфузли тадбирнинг ўтказилиши натижаларига кўра Қўқон шаҳрига сайёҳлар оқими 10 баробарга, ҳунармандлар сони 3,5 баробарга, меҳмонхоналар 2,5 баробарга ошди. Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилган.

Шундан сўнг, Ҳунармандчилик шаҳри мақоми Бухоро ҳамда Марғилон шаҳарларига ҳам берилган. Халкаро ташкилотнинг бундай эътирофи юртимизда ҳунармандчилик қадимдан бой анъаналар асосида ривожланиб келаётганини кўрсатади. 2020 йилда Бутунжаҳон Ҳунармандлар кенгаши – Осиё ва Тинч Океани минтақасининг 2021-2024 йиллар Президентлиги Ўзбекистонга топширилди. Ушбу халқаро ташкилотнинг Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича офисини Ўзбекистонга олиб келиш ва нуфузли тадбирларни юртимизда ўтказиш мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва мавқеини оширишга хизмат қилмоқда.

II “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида “Халқаро кулолчилик форуми” ўтказилиши учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Иккинчи “Халқаро ҳунармандчилик фестивали”га иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб қилиш мақсадида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида икки босқичдан иборат кўргазма ва кўрик-танлов ташкил этилади.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 70 та давлатдан 200 нафар хорижий иштирокчи қатнашади. Шунингдек, мамлакатимизнинг 14  ҳудудидан 100 нафар кулол иштироки кўзда тутилган.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, фестиваль иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, илмий-амалий конференция, фестивални ўтказиш ва якунлари бўйича матбуот анжуманлари, мода ҳафталиги, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик ва дорбозлар томошалари, вилоятлар фольклор жамоалари ва маданият бошқармалари концерт дастурлари, ош танловлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, замонавий ўзбек миллий ҳунармандчилиги ва амалий санъати ва ҳунармандлар ижодига бағишланган китоб-альбоми тақдимоти, кулолчилик маҳсулотлари кўргазма савдоси, моҳир кулоллар шаҳри Риштон ҳамда Фурқат тумани бўйлаб саёҳат ўтказилади.

Бугунги кунда Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, хорижий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган тарихий обидалар, Қўқон миллий ҳунармандчилиги намояндаларининг уй устахоналари, маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар ташрифи учун тайёрланмоқда. Фестиваль тадбирларини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, уста-ҳунармандлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА