Пойтахтимиздаги “InterСontinental Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг 10 йиллигига бағишланган “Меҳмондўст Шаньдун – ипак йўлидаги абадий дўстлик” номли фотосуратлар кўргазмаси иш бошлади.

Тадбирнинг очилишида юртимизда бўлиб турган Хитой Коммунистик партияси Шаньдун музофоти қўмитаси котиби Лин У бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда мамлакатимиздаги вазирлик, идоралар ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги муносабат, анъанавий ўзаро дўстлик риштаси уланиши тарихи узоқ ўтмишга – мамлакатларимизни “Буюк ипак йўли” бирлаштирган даврларга бориб тақалади. Бугунги кунда ҳам мамлакатларимиз ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик асосида фаол мулоқот олиб бормоқда. Сиёсий, иқтисодий, айниқса, маданий-гуманитар алоқалар ишонч, ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойили асосига қурилган.

2022 йил 24-28 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида хитойлик рассом Л.Ли асарлари намойиш этилди. Жорий йил май ойида Пекинда Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри гастроли ташкил этилди. Ўзбекистон халқ артисти Р.Усмонов 2023 йил май ойида Сиан шаҳрида ташкил этилган давлат раҳбарлари саммити доирасида ўтказилган “Марказий Осиё ва Хитой халқлари дўстлиги” фестивалида иштирок этди.

“Меҳмондўст Шаньдун – ипак йўлидаги абадий дўстлик” номли фотокўргазма ҳам маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган. Намойишга қўйилган Шаньдуннинг табиати, кенг ҳудудий имконияти, халқининг яшаш тарзи, анъана ва маданияти, урф-одати акс эттирилган ишларнинг барчаси Марказий Осиё ижодкорлари томонидан олинган.

Кўргазмада Шаньдун музофотининг ўзига хос ҳунармандлик намуналари – қўл меҳнати билан ясалган буюмлар, турли ўйинчоқлар ва бошқа қизиқарли маҳсулотлар ҳам намойиш этилган.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА