Маълумотларга кўра, 2022 йилда республикамизда 18 минг 955 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида қайд этилган. 2021 йилда ушбу кўрсаткич 19 минг 37 тани, 2020 йилда 16 минг 564 тани ташкил қилган. Никоҳ ФҲДЁ органларида қайд этилмагани оталикни белгилаш, алимент тайинлаш, мерос масалаларига оид турли хил муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган бўлса, маъмурий жавобгарлик чораси ҳам назарда тутиляпти.

Фақат тиббий кўрсатма асосида ёки хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан, шунингдек, қонунчиликда рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ҳолати бундан мустасно.

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, турли фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Савол-жавоблар ва мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА