Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади.

Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов мустақиллигимизнинг 32 йиллиги кенг нишонлангани, истиқлол арафасида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ўтказилгани ҳамда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қайд этилган улкан натижалар хусусида тўхталди:

— Давлатимиз раҳбари Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида жадидлар ҳаётини ўрганиш, ноҳақ қатағонга учраганлар хотирасини абадийлаштириш, улар яшаган маҳаллаларда номларини муҳрлаб қўйиш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз нутқ сўзлади. Фракциялар йиғилишларида мазкур нутқдан келиб чиқувчи вазифалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари байрам нутқида юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг пок номларини тиклаш борасида сўнгги уч йилда уларнинг 856 нафари оқланганини алоҳида қайд этди ва бундай эзгу ишлар давом этишини таъкидлади.

Шунингдек, байрам нутқида кўплаб йўналишлар, эришилган натижаларга тўхталиб ўтилди. Илм-фан, таълим, АТ соҳаларини ривожлантириш, ушбу соҳалар Ўзбекистон иқтисодиётининг локомативига айланиши алоҳида қайд этилди.

 

М.Комилова,  

ЎзА